Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик қорилар Малайзиянинг учта масжидида хатми Қуръонларда иштирок этмоқда

Юртимиздан етишиб чиқаётган Қуръон ҳофизлари нафақат ўзимизда, балки дунё миқёсида ҳам эътироф этилиб, хориж мамлакатлари масжидларида Аллоҳ таолонинг Каломини ўқиб беришмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, ўзбекистонлик икки нафар қори: Аъзамжон Дадамирзаев ва Шамсиддин Жалиловлар Малайзиянинг Перлис штати муфтийси Моҳд Зайнул Абидийн ҳазратларининг таклифига биноан 22-29 май кунлари таровеҳ намозларида хатми Қуръонларда иштирок этмоқдалар.

Ташрифнинг биринчи куни қориларни қабул қилган муфтий ҳазратлари ўтган йили Ўзбекистонга ташриф буюриб, бу юртда ўзи учун кўплаб янги билим ва тажрибаларни орттиргани, мамлакат мусулмонлари узоқ йиллардан буён бирдам ва иноқ бўлиб, Ҳанафий мазҳаби асосида улуғ алломаларининг йўлини давом эттираётганига гувоҳ бўлганини таъкидлади. “Ташрифимдан сўнг келаси Рамазон ойида албатта Ўзбекистондан қорилар таклиф этишни кўнглимга туккан эдим. Алҳамдулиллаҳ, мана насиб бўлди”, дейди муфтий ҳазратлари.

Қорилар Кангар шаҳрининг “Алви”, Путра”, “Ал Ҳусайн” жоме масжидларида имомларнинг тавсияларига биноан Таровеҳ намозларида Қуръондан маълум жузларни ўқиб бермоқдалар.

Биринчи кунда жамоат ўрта миқдорда бўлган. Кейинчалик, ҳушовоз қориларимизнинг қироатларини эшитган, қолаверса, ўзбекистонлик қорилар хатмга ўтаётганлиги ҳақида интернет нашрларида ҳам эълон қилингач жамоат анча кўпайган. Маҳаллий намозхонларнинг қориларимизга ихлослари ортиб, самимий миннатдорчилик, дуолар қилишган. Ана шундай қориларни етиштираётган Ўзбекистон диёрига қизиқишлари ошиб, бу юртни зиёрат қилиш истаклари пайдо бўлганини баён этишган.

(Хатми Қуръон. Малайзия. "Ал Ҳусайн" масжиди. Шамсиддин қори Жалилов)

Эслатиб ўтамиз, жорий йил Рамазон ойида ўзбекистонлик 11 нафар қорилар хориж мамлакатларига сафарбар қилинган. 8 нафар қори Россия Федерациясида ва яна бир нафар қори АҚШда хатми Қуръон ўтказиб беришмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

2039 марта ўқилди

Янгиликлар

Top