Ўзбекистон янгиликлари

Покистонлик меҳмон: “Ҳеч қайси мамлакатга бу қадар осон ва тез виза олмаганман”

Яқинда Самарқандда «Буюк ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг ренессанси» мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унда Хитой, Россия, Франция, Италия, Покистон, Жанубий Корея, Туркия, Польша, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан нуфузли олимлар ва туризм соҳасининг етакчи мутахассислари иштирок этди.

ЎзА мухбири уларнинг баъзилари билан суҳбатлашган.

Муҳаммад Назир Жан, қарийб 300та мадраса жамлаган Покистон Дар ул Улум Мужаддидиа мадрасалар мажмуаси вице президенти:

– Фаолиятим мобайнида дунёнинг кўплаб мамлакатларида – Туркия, Уммон, Ироқ, Сурия ва Яманда бўлганман. Самарқандда Имом ал Бухорий мақбараси, Бухорода эса Ҳазрати Нақшбанд қадамжоси бор. Покистонликлар асосан шу икки манзилни зиёрат қилиш учун келишади. Ватанимга қайтгач ўзим кўрган, зиёрат қилган масканлар ҳақида барчага сўзлаб бераман. Бу ерда эканлигимдан хурсандман. Дунёда кўплаб тарихий обидалар бор, кўплаб динлар учун муқаддас мамлакатлар кўп. Лекин, Ўзбекистон миллати, ирқи, динидан қатъи назар барча инсонларни ўзига мафтун эта олади. Жозибадор гўшалар юртингизда кўп. Ўйлашимча, Ўзбекистон ҳукумати сайёҳликни ривожлантириш борасида тўғри сиёсат олиб боряпти. Ўз мисолимда айтадиган бўлсам, бир кунда виза олдим. Ҳаётимда биринчи маротаба бундай бўлиши. Ҳеч қайси мамлакатга бу қадар осон ва тез виза олмаганман. Бошқаларга кириш визасини олиш учун бир ҳафта, ўн кун, ҳатто бир ойлаб кутган вақтларим бўлган. Бунда ҳам Карачига ёки Исломободга боришим зарур эди. Паспортимга стикер қўйдириб кейин яна ортга қайтар эдим. Ўзбекистонга келишимда эса бундай бўлмади. Шу сабабли ҳам фикримча бу юртга жуда кўплаб сайёҳлар келаверади. Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм халқаро университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаганимиз натижасида эса эндиликда доимий ҳамкорлик ишларини олиб борамиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1895 марта ўқилди

Янгиликлар

Top