Ўзбекистон янгиликлари

Қозоғистон Парламенти Мажлиси Раиси Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди

Расмий ташриф билан мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Меҳмонларни Самарқанд халқаро аэропортида Самарқанд вилояти ҳокими Э. Турдимов кутиб олди. Вилоят ҳокими ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Н. Исмоилов ҳамроҳлигида меҳмонлар дастлаб Ҳазрати Хизр мажмуасига ташриф буюриб, мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Шундан сўнг меҳмонлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди. Буюк муҳаддис ҳаёти ва илмий мероси ҳақида меҳмонлар батафсил маълумот берилди. Президентимиз Ш. Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Марказда тадқиқотчилар учун яратилган шароитлар, айниқса, марказ фондидаги қадимий қўлёзмалар делегация аъзоларида катта қизиқиш уйғотди.

Делегация куннинг биринчи ярмида Амир Темур мақбарасида ҳам бўлиб, Амир Темур ва темурийлар даври тарихига оид манбалар ҳақида маълумотга эга бўлишди. Меҳмонлар куннинг иккинчи ярмида муаззам Регистон майдони, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва бошқа бир қатор диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиши белгилаган.

Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Нурлан Нигматулин Имом Бухорий мажмуаси ва Амир Темур мақбараларида маҳаллий сайёҳлар билан суҳбатда бўлиб, ташрифнинг мақсади мамлакатларимиз ўртасида мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш эканлигини таъкидлаб, ҳар иккала юртнинг оддий фуқаролари ҳам бу ҳақда билиши лозимлигини таъкидлаб, фуқаролардан ўз яқинлари, қўни-қшниларига ҳам буни етказишларини сўради.

 

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати

3636 марта ўқилди

Янгиликлар

Top