Ўзбекистон янгиликлари

Қашқадарё вилоятида ўтказилган Халқаро пресс клубнинг навбатдаги йиғилиши "Ўзбекистонда олий таълим тизими: ислоҳотларнинг янги босқичи, муаммоларнинг чуқур таҳлили ва тезкор ечимлар" мавзусига бағишланган эди. Ушбу йиғилишда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида фаолият юритаётган олий таълим муассасалари раҳбарлари ва талабалар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Термиз давлат университети ректори Абдуқодир Тошқулов таълим тизимига боғлиқ бўлган муаммолар ҳақида муносабат билдириб қуйидаги фикрларни билдирди: «Бу катта саволни беришдан аввал, сиз глобалроқ жавоб кутдингиз. Вақтида Термиз шаҳри Термизийлар ва уларнинг илм-фани билан дунёни лол қолдирган, дунёга бўй чўзган. Худди шундай Кеш, соҳибқирон Амир Темур, у тузган давлат, давлатчилик, олимларнинг фаолияти ҳақида гапирдингиз...

Масалага бир мисол билан ёндашсак, яқинда университет халқаро бўлими бошлиғи хабар бериб қолди, Термиз шаҳрига Покистон ва Ҳиндистондан 70 нафарга яқин алломалар келишган. Улар Термизнинг улуғ шаҳар экани, бу ерликлар муқаддас заминда яшашини айтишди. Бироқ уламолар халқнинг юзига, кўзига боққанида қалбда илм сустлигини кўришганини айтишган. Биз мақбарани чиройли қилиб қўйдик, қани ал-Ҳаким ат-Термизий? Қани "Сунани Термизий"нинг кейинги томлари? Аксарият ҳолларда инсонлар кўр-кўрона зиёратини йўлга қўйдик. Ёзав-чизувнинг кўплиги, ғийбат, ғурбат ҳамда коррупция ҳолатлари кўп бўлган. Устоз-шогирдлар ва жамоа ўртасидаги хасад илмий салоҳиятнинг тушиб кетишига сабаб бўлди. Бундай маънавий ҳасталикларнинг кўплигига сабаб нима? Мен битта сабаб келтираман.

Биз юз йил давомида Олий таълимдан Исломни суғуриб олдик. Ҳалол билан ҳаромни суғуриб олдик. Биз Ҳётени ўргатдик, лекин жанои Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадисларидан келтиришга чўчидик» дея фикрини давом эттирди Ректор.

"Биз Ислом маърифатини фақат имомлар гапирсин дедик, дунёвий илм олганлар бу ҳақда гапирса унга бошқача қарадик".

Фиркларнинг тўлиқ шакли билан видеолавҳа орқали танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2518 марта ўқилди

Янгиликлар

Top