Ўзбекистон янгиликлари

"Ўғирлик - гуноҳи кабира" мавзусида суҳбат бўлиб ўтди

Ўғирлик барча жамият ва тузумларда қораланган, инсоният ҳаёти ва мулкига зарар етказувчи ижтимоий хавфли қилмиш – жиноят ҳисобаланади. Халқимиз азалдан ҳалолликни улуғлаб, ўғрилик, қўли эгриликни қоралаган. Эгасидан сўроқсиз ҳеч бир нарсага ҳатто қўл теккизишга ботинмаган.

Афсуски, бу иллат сўнгги пайтларда ёшлар орасида тез-тез содир этилаётгани қулоғимизга чалинади. Нафс ортидан қувиш, билимсизлик, содир этаётган қилмишининг дунё ва охиратдаги азобини ўйламаслик баъзи кишиларни шу кўчага олиб кирмоқда. Жойларда имом-хатиблар гуноҳи кабиралар ҳақида тушунтириб, динимиз таълимотидан хабар бермоқдалар.

Навоий вилояти “Дўрмон” жоме масжиди имом-хатиби Музаффар Раҳмонов Навоий кон металлургия комбинатига қарашли 1-сонли ётоқхонада  истиқомат қилаётган 50 дан ортиқ ишчи-ходимлар билан ўтказилган учрашувда "Ўғирлик - гуноҳи кабира" мавзусида маъруза қилди. 

Имом-хатиб ўз сўзида қуйидагиларни айтиб ўтди:

“Аллоҳ таоло ўғирлик ва унинг жазоси ҳақида Қуръони каримда шундай дейди:“Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг қўлларини кесинглар. Бу Аллоҳдан бездирувчи иқоб ўлароқ, касб қилган нарсаларига яраша жазодир. Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир” (Моида, 38).

Уламолар айтадиларки, ўғирлаган нарсани эгасига қайтармас экан, ўғрининг тавбасидан ҳеч наф йўқ. Агар ҳеч вақоси бўлмаса, молнинг эгасидан розилик олиши шарт.

Мол – мулк эгасининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлса-да, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон - тарож қилиш ўғирлик ҳисобланади.

Ўғирлик содир этган одам ишончни йўқотади. Агар у қилган иши учун тавба килмаса, Қиёмат кунида жавоби бундан-да қаттиқроқ бўлади. Ўғирлик моли ўғрининг зиммасига тўланиши керак бўлган қарз бўлиб туради”. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

2263 марта ўқилди

Янгиликлар

Top