Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда Халқаро туристик ташкилотларнинг “Мусулмон меҳмондўстлиги” йўналишида баҳолаш рейтинги жорий этилади

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2019 йил 29 июль куни Сингапурнинг “CrescentRating” агентлигининг мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтинги юртимизда жорий этилиши муносабати билан тақдимот ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида: “CrescentRating” агентлиги Жаҳон ҳалол туризм бозорида йирик экспертларидан саналади. Ташкилот 2015 йилдан бошлаб “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингини эълон қилиб келади. Мазкур рейтингга 130 та мамлакат аъзо бўлиб, унда 40 дан ортиқ мезонлар асосида мусулмон сайёҳлари учун таклиф этиладиган хизматлар баҳоланади.

Рейтингга кўра юртимиз 2019 йилда “Жаҳон мусулмон сайёҳлик индекси”да 22-ўринда бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 10 поғона юқорилади дегани.
Маълумки, жорий йилнинг 21-23 февраль кунлари Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан Бухорода ўтказилган “II Халқаро зиёрат туризми форуми” доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва “CrescentRating” агентлиги ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, ушбу халқаро ташкилот билан келгусидаги истиқболли лойиҳалар бўйича келишувларга эришилганди.
Мазкур келишув доирасида жорий йилнинг май ойида “CrescentRating” агентлиги мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари рейтингини мамлакатимиздаги туристик ташкилотларга жорий этиш юзасидан агантлик “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК билан шартнома имзолади. Мазкур баҳолаш рейтинг тизими ихтиёрий бўлиб, ундан фойдаланишда истаган туристик ташкилотлар мусулмон меҳмондўстлиги соҳасида бир қанча имтиёзларга эга бўлади. Жумладан: “CrescentRating” агентлиги томонидан туристик ташкилот ходимларига бепул малака ошириш курслари; “ҳалол туризм” йўналишидаги сертификатланган курсларга чегирма; туристик хизматларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш; маҳаллий бозорда мусулмон меҳмондўстлиги талабларига жавоб берадиган ташкилот сифатида сайёҳларни жалб қилиш орқали даромадини ошириш каби имкониятлар тақдим этилади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг билдиришича, ушбу рейтинг хизматларидан сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, овқатланиш масканлари, аэропортлар, вокзаллар, савдо-кўнгилочар масканлари фойдаланиши мумкиндир. Ушбу баҳолаш рейтингида халқаро экспертлар мусулмон сайёҳлар учун юқорида келтирилган туристик манзиллардаги яратилган қулайликлар ва уларнинг эҳтиёжларини инобатга олганлигига алоҳида эътибор қаратади.

2019 йилнинг 29 июль куни соат 10:00 да “Citizen” меҳмонхонасида ўтказиладиган тақдимотда “CrescentRating” агентлигининг Бош ижрочи директори Фазал Бахардин жаноблари мазкур рейтинг тизими ҳамда ташкилот томонидан мусулмон меҳмондўстлиги хизматлари соҳасига оид консалтинг ва ўқув курслари ҳақида батафсил маълумот беради. Тақдимотда мусулмон меҳмондўстлиги хизматларини кўрсатувчи туристик ташкилотлар ҳамда юртимиздаги ОАВ вакиллари қатнашиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2258 марта ўқилди

Янгиликлар

Top