Жорий йилнинг 22–27 август кунлари Ўзбекистонда “ World Influencers Congress” (WIC) халқаро конгресси бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда. Конгресс Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятлари ҳокимликлари томонидан ташкил этилмоқда.
Тадбирда иштирокчиларнинг тақдимотлари, конференциялар, бизнес-учрашувлар, World Influencers Congress-2019 мукофот маросими ўрин олган. Шунингдек, конгресс меҳмонлари Ўзбекистоннинг диққатга сазовор жойларига ташриф буюради.
Конгрессни ўтказиш жараёнида хорижлик иштирокчилар учун Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари бўйлаб инфо-турлар ташкил этилади. Унда меҳмонлар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳужжатли филмлар суратга олишади.
Бутун дунёдаги етакчи ғоялар муаллифларини бирлаштиш ва глобал инфлюэнсерлар тармоғини яратиш конгресснинг асосий мақсадларидан биридир.
Тадбирда "Travel Magazine" журналининг асосчиси Шарон Лингуистен, "Lionsgate" маркетинг ва монетизация бўлими бошлиғи Ирина Шамес, "NBC network entertainment" вице-президенти ва молиявий ишлар бўйича директор Жонатҳан Зускер, " PBS" (АҚШ) телеканалининг " BareFeet" дастури бошловчиси Миcкела Маллоззи," Travel Channel" телеканалининг продюсери ва оператори Р. Родвелл ва бошқаларнинг иштирок этиши режалаштирилмоқда.
WIC – бу туризмни ривожлантириш соҳасидаги ғоялар ва энг яхши тажрибаларни алмашиш учун дунёдаги етакчи нуфузли блоггерлар, инфлуэнсерлар ва оммавий ахборот воситаларини бирлаштирадиган ноёб платформа.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати