Ўзбекистон янгиликлари

Ахборотда холислик муҳим

Бугун ахборот алмашинуви шиддат билан ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга ҳар бир ахборот тарқатувчининг ўз вазифасига холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонларга риоя этиши ҳам зарурдир.

Динмиз таълимотларида нотаниш одам ёки хабари синаб кўрилмаган кимсанинг хабари текширилмай туриб, қабул қилинмайди. Бошқа ишончли манбалардан хабарнинг тўғрилиги собит бўлсагина, қабул қилинади.

Аллоҳ таоло мўминларни бирор киши ҳақида ёлғондан ҳукм чиқариб қўймасликлари учун “Ҳужурот” сурасида қуйидагича марҳамат қилган: 

 “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”.

Бир хабарни эшитиши биланоқ, суриштирмай, бирор иш қилинса, кейин хабарнинг ёлғонлиги ёки хатолиги аён бўлса, ҳақиқатан, афсус-надоматга сабаб бўлади.

Кеча, 10 сентябрь куни айрим Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов лавозимидан озод этилди, деган мазмундаги асоссиз ва сохта хабарлар тарқатилди. Бу билан юртимиз мусулмонларининг раҳбари, дин соҳасидаги замонамизнинг етук олимларидан бири, бир қанча диний-маърифий асарларнинг муаллифини обрўсизлантиришга бўлган ҳаракат деб биламиз.

Олимга нисбатан ҳурматсизлик, душманлик қилиш Аллоҳга уруш қилганга ўхшайди. Аллоҳ азза ва жалла билан урушган ғолиб бўлармиди?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ айтади: “Ким менинг дўстимга душманлик қилса, унга уруш эълон қиламан” ( Бухорий ривояти).

Ибн Ҳажар роҳматуллоҳи алайҳи айтади: “Аллоҳнинг дўстидан мурод Аллоҳни танийдиган, Унинг тоатида доим бўладиган олимдир” (Фатҳул Борий, 11-жилд, 342-бет).

Олимларга нисбатан меҳрли бўлишимиз, уларнинг ҳақларига Аллоҳдан офият сўрашимиз, хато қилган бўлсалар, Аллоҳдан улар учун мағфират сўрашимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларининг динимиз, мусулмонлар учун қилаётган хайри ишларида Ўзи мададкор бўлсин. Узоқ йиллар мўмин-мусулмонларимиз хизматида бардавом бўлишларини насиб этсин!

Муаллиф: Зайниддин домла Эшонқулов

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили

2142 марта ўқилди

Янгиликлар

Top