Ўзбекистон янгиликлари

“Саҳиҳул Бухорий”нинг дарси бошланди

Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтининг 3 ва 4-босқич талабалари бу йилги ўқув режага биноан Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламини тўлиқ ўқиб чиқиши режалаштирилган.

Талабалар ушбу муборак амални Имом Бухорий ҳазратларининг равзалари ёнида бошлашни ният қилган эдилар. Бугун, 15 сентябр куни олий маъҳаднинг 3 ва 4-босқич талабаларидан эллик нафари ҳамда ўн нафар устозлар Имом Бухорий мажмуасига ташриф буюрдилар. Ташриф дастлаб Имом Бухорий ҳазратларининг қабрларини зиёрат қилишдан бошланди. Муҳаддислар султонининг муборак равзаларини зиёрат қилишни ният қилган талабалар бу кунга қадар етти марта Қуръони каримнинг тўлиқ тиловатини қилиб, Хатму кабир адо этган эканлар. Шу жойда ушбу хатмларнинг савоби Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳақларига бағишланиб, дуолар қилинди. Шундан сўнг янги ташкил қилинган Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Имом Бухорий ҳадис мактаби билан танишув бўлиб ўтди. Икки маскан зиёратидан сўнг талабалар Имом Бухорий мажмуасидаги масжид биносида йиғилиб, устозларнинг дуоларидан сўнг “Саҳиҳул Бухорий” ҳадислар тўпламининг “Ваҳийнинг бошланиши” китобидан “Амаллар фақат ниятга кўрадир...” деб бошланадиган биринчи ҳадисни мутолаа қилдилар. Ушбу асарнинг биринчи сабоқи шу тариқа бошланиши замонамизнинг етук уламоларидан бизга одат бўлиб келмоқда. Жумладан, марҳум устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам “Олтин силсила” туркумидаги ҳадислар тўпламининг таржимасига киришишни айнан Имом Бухорийнинг қабрларини зиёрат қилиб, у кишининг живорларида “Саҳиҳул Бухорий” китобининг биринчи ва охирги ҳадисларини мутолаа қилишдан бошлаган эдилар. Шунингдек, замонимизнинг  машҳур муҳаддисларидан Шайх Муҳаммад Аввома, Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳлар ҳам Имом Бухорийнинг марқадларини зиёрат қилиш асносида шундай қилган эдилар.

Устоз ва талабаларнинг зиёрат ва илк дарс жараёнида уларга Самарқанд вилоят бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва Имом Бухорий ҳадис мактаби ректори Олимхон Юсупов ҳамроҳлик қилдилар.

Илоҳим, илми толибларимизга Аллоҳ манфаатли илм, қувватли ҳифз ва Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайнинг йўлларини берсин. Амин!

 

Манба: https://sammuslim.uz

2002 марта ўқилди

Янгиликлар

Top