Ўзбекистон янгиликлари

Маънавият дарсида Имом Бухорий ҳадисларидан сабоқ берилди

Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги 72-умумий ўрта таълим мактабида 9-синф ўқувчилари учун “Маънавият асослари” дарсининг навбатдаги мавзуси буюк аждодимиз Имом Бухорий роҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал Адаб ал Муфрад” (“Одоблар хазинаси”) асаридаги ота-онага яхшилик қилиш бобини ўрганишга бағишланди. Бунинг учун “Муҳожирлар” масжиди имом-хатиби Тошмуҳаммад Абилов таклиф этилди. Домла ўқувчиларга китобнинг 3-4-бобларида келтирилган ҳадиси шарифларни айтиб, шарҳлаб берди. Улардан бири  қуйидаги ҳадисдир:

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, биттасини очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунича, ундан Аллоҳ рози бўлмайди».

«Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» дейишди.

(Ибн Аббос) «Зулм қилган бўлсалар ҳам», деди».

 

Имом домла мазкур ҳадиси шарифни айтиб шарҳлар экан, ота-онага яхшилик қилиш, мулойимлик билан хизматларида бўлиш ана шундай улуғ жаннат мукофотига сазовор бўлишини, аксинча уларни дилини оғритиб, норизо қилиш эса икки дунёда ҳам фақат ташвиш, надомат келтиришини ўқувчиларга сўзлаб берди. Ўқувчилар ҳадиси шарифдан ўзларига зарур ибрат ва ҳикмат олганликларини, яна шундай дарслар кўпроқ ташкил этилишини таклиф билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

1853 марта ўқилди

Янгиликлар

Top