Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Шайх Равил Гайнутдинга табрик йўллади

بسم الله الرحمن الرحيم

Ҳурматли, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий, шайх Равил Гайнутдин жаноблари!
Сизни Россия Федерацияси мусулмонлари диний идорасининг VII қурултойида Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий этиб сайланганингиз билан самимий муборакбод этаман.
Ушбу шарафли ва машаққатли вазифани адо этишингизда, Аллоҳ таборака ва таолодан Сизга куч-қувват ва улкан зафарлар тилайман.
Маълумки, Ўзбекистон ва Россия халқлари азалдан дўсту биродарликда аҳил-иноқ яшаб келишган. Оғир дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган, ширин сўзини аямаган. Яхши кунларида бир-бирига қувончу шодликлар улашган. Албатта, бу икки халқнинг бугунги кунда ҳам елкадош бўлиб, ўзаро ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётганлари барчамизни мамнун этмоқда.
Яратганга шукрки, ҳозирда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилиб, жадал ривожланиб бормоқда. Икки давлат Президентларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари ва мақсадлари ҳам муштаракдир.
Биз дин пешволари Ислом динимизни янада равнақ топитириш, тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим.
Ҳурматли шайх Равил Гайнутдин жаноблари! Сизни яна бир бор, Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий этиб сайланганингиз билан чин юракдан қутлайман.

Камоли эҳтиром ва чексиз ҳурмат билан,
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

2065 марта ўқилди

Янгиликлар

Top