Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда масжидлар янги, замонавий, намозхонлар учун барча қулайликлари билан қайта қурилмоқда

Юртимиз бўйлаб янгидан-янги, замонавий кўринишга эга, намозхонлар учун қулай қилиб масжидлар барпо этилаётгани, лозим бўлганлари таъмир этилаётгани ҳақидаги хабарларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Хусусан, 2018 йилнинг 5 январида бўлиб ўтган Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар, шунга кўра 2018 йил 15 февралда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги 120-сонли қарори қабул қилиниб, вилоятда жами 29 та жоме масжидларни 2018-2019 йиллар давомида қайта қурилиши белгилаб олинганди.

 

Ана шу дастурга мувофиқ, бугун – 2019 йилнинг 30 сентябрь куни Бўстонлиқ туманидаги “Мулла Пўлат ота” жоме масжидига дастлабки ғишт қўйиш маросими бўлиб ўтди. “Мулла Пўлат ота” жоме масжиди янги ажратилган жойда, замонавий шарт-шароитлари билан, ибодат қилувчилар учун ҳар томонлама қулай қилиб қайтадан барпо этилади. Тадбир анъанавий тарзда Қуръон тиловати билан бошланди. Масжидга дастлабки ғиштни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов ҳамда эл ичра ҳурматга сазовор бўлган нуроний отахонлар қўйиб бердилар.

 

 

Тадбирда масжид қуришнинг нақадар савобли иш эканлиги, Аллоҳнинг байтларида Қуръон тиловат қилиниши, Аллоҳнинг Каломи ўқилган жойга эса Яратганнинг раҳмати, баракоти ёғилиши таъкидланди.

 

 

Ғишт қўйиш маросими шу ишга ташаббускор бўлган, фидокорлик билан меҳнат қилаётган, холис хизматда камарбаста бўлганлар алоҳида эътироф этилди ва тадбир юрт тараққиёти, дин ривожи, мамлакатимиз келажаги, халқимиз фаровонлигини сўраб қилинган хайрли дуолар билан якунланди.

 

 

Манба: http://fitrat.uz

2069 марта ўқилди

Янгиликлар

Top