Ўзбекистон янгиликлари

“Тафсири Ирфон” – Қуръон тафсири силсиласида ўзбек тилидаги янги асар   

3 октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар ила бошланди.
Тадбир аввалида Қуръони карим мўмин-мусулмонлар учун муқаддас китоб, илоҳий дастурул-амал экани билдирилиб, ушбу Китобнинг оятлари остида ўта теран маъно-мазмун мужассамлиги, шунингдек, Қуръон тили, мазмунини англай билмаган одам ҳам Унинг ўта таъсирли оятларини эшитган-да, бутун вужуди билан берилиб тинглаши Аллоҳнинг илоҳий сўзи эканига очиқ-ойдин далолат экани таъкидланди.
Маросимда муҳтарам Президентимиз томонларидан шу йил май ойида Тошкент шаҳрида бунёд этилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжидни кўздан кечириш асносида диний-маърифат ва одоб-ахлоқ мавзуларида кўпроқ китоблар чоп этиш, маънавий муҳитни мустаҳкамлаш бўйича берилган тавсияларга мос равишда ушбу муҳташам мажмуада муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китоби тақдимоти ўтказилаётганига ҳам алоҳида урғу қаратилди.
Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари тақдимотда сўз олиб, Қуръони карим оятлари маъноларини таржима ва тафсир қилиш иши жуда ҳам машаққатли, масъулиятли ва айни вақтда шарафли вазифа эканини изоҳлаб, халқимизнинг Қуръони каримга бўлган эҳтиёжини таъминлаш йўлида муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан таълиф этилган Қуръони каримнинг маънолари таржимаси ва тафсири китобининг ўзига хос жиҳатларига алоҳида тўхталди.
Ҳақиқатан, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи, Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий манбаи экани, Қуръони каримни яхши билмаган кишилар асл ҳидоят йўлидан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишларини билдириб, “Тафсири Ирфон” – Қуръон тафсири силсиласида ўзбек тилидаги янги асар эканини Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов алоҳида қайд этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, юридик фанлари доктори, академик Акмал Саидов мазкур мўътабар тафсир китоби муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг бир неча йиллик меҳнатлари меваси бўлиб, ушбу асарни дунёга келишида жуда катта меҳнат қилингани, йирик олим ва етук уламоларнинг маслаҳатлари инобатга олинганига алоҳида эътибор қаратди.
Қуръони каримнинг ушбу тафсир китобида “Тафсири Жалолайн”, Ибн Касир, Абул Баракот Насафий, Алоуддин Хозин, Замахшарий, Олтинхон тўра, Ваҳба аз-Зуҳайлий каби ўнлаб тафсирлардан истифода қилингани ҳамда тафсир қилиш илми нақадар машаққатли ва масъулияли вазифа эканига Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби, таниқли уламо Салоҳиддин домла Шарипов катта эътибор қаратди.
Мутасаввиф олим, шоир Мирзо Кенжабек тақдимотда сўз олиб, халқимизни иложи борича Қуръони карим оятлари маънолари билан яқиндан таништириш, унга бағишланган асарларни кўпроқ тарғиб қилиш ҳозирги пайтдаги жуда ҳам муҳим вазифа эканини таъкидлаб, “Тафсири Ирфон” китоби матнларини иложи борича халқчил, тушунарли қилишга ҳаракат қилинганини алоҳида изоҳлади.
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин домла Холиқназаров имом-хатиблар жума мавъизаларида, жойлардаги маънавий-маърифий тадбирларда Қуръони карим оятларининг маъно-мазмунига кўп мурожаат қилишлари, бу борада “Тафсири Ирфон” китоби жуда ҳам қўл келишини алоҳида таъкидлади ва барча имом-домлаларга кенг фойдаланишни тавсия этди.
Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдуҳаким қори Матқулов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, профессор Убайдулла Уватов каби олиму уламолар ҳам сўзга чиқишди.
Сўзга чиққан нотиқлар муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Тафсири Ирфон” китобини мўмин-мусулмонларга муборак айланиши тилаб, Ҳақ таолодан улуғ ажру савоблар билан мукофотлашини сўрашди.
Тақдимотда тафсир бобида уламолар томонидан билдирилган нодир ва қизиқарли маълумотларни сайтимиз орқали ёритиб борамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2923 марта ўқилди

Янгиликлар

Top