Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат янги меҳмонхона очилишида қатнашди

Аввал Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятида хизмат сафари билан бўлиб туришгани ҳақида хабар берган эдик.
Сафарнинг аввали эзгу дуолар билан бошланган эди, давоми ҳам хушхабарларга бой бўлмоқда. Улар мутафаккир Ҳаким Термизий қабрини зиёрат қилиб бўлишгач, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида мажмуанинг шундоққина ёнида қад ростлаган янги меҳмонхонанинг очилиш маросимида ҳам иштирок этдилар.
Дастлаб, улар янги меҳмонхонани кўздан кечириб, зиёратчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Меҳмонхонанинг келажакдаги фаолияти, хусусан, вилоятга ташриф буюрадиган меҳмонлар учун юқори даражада хизмат кўрсатиши, зиёрат туризми йўналишида муносиб ҳисса қўшадиган нурли манзил бўлишини тилаб, яхши ниятлар қилдилар.
Таъкидлаш жоизки, меҳмонхона юртимиз зиёрат туризмининг энг аҳамиятга молик манзилларидан бири саналмиш “Ҳаким Термизий” зиёратгоҳи билан ёнма-ён жойлашган. Бу эса сайёҳлар учун икки карра қулайлик яратади, олисдан ташриф буюрган сайёҳлар зиёратдан сўнг тўғри мазкур меҳмонхонага йўл оладилар.
Яна бир муҳим жиҳати меҳмонхонанинг Тошкент – Термиз халқаро магистрал йўлининг ёқасида эканидир. Бу эса Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа каби муборак қадамжоларга тез фурсатда етиб олиш имконини беради.
Маълумки, мамлакатимизнинг қадим тарихи ва бугунги кунидан келиб чиқиб туризмнинг турли йўналишлари жадал ривожланмоқда. Президентимизнинг бу борадаги фармон ҳамда қарорлари юртимизда туризм соҳасини янада ислоҳ қилиш, бу борада қилинадиган ишлар салмоғини оширишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Хусусан, 7300 дан ортиқ қадимий-меъморий ва археологик обидаларнинг 200 дан зиёди ЮНЕСКОнинг маданий мероси рўйхатига киритилган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар йили Ўзбекистонга жаҳоннинг 70 га яқин мамлакатидан икки миллиондан зиёд сайёҳ, асосан, Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби шаҳарларимизга ташриф буюришади.
Меҳмонхонанинг очилиш маросми доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов вилоятдаги 30 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачаларини тарқатиш тадбирида ҳам иштирок этиб, аравачаларни ўз эгаларига топширдилар. Ушбу хайрли тадбирда иштирок этган кўнгли ярим юртдошларимизнинг хурсандчиликлари кўзларидан оқаётган қувонч ёшларида акс этди.
Тадбир иштирокчиларидан бири: “Инсон учун энг муҳими эътибор экан, мен ногирон бўлсамда, руҳан, маънан соғломман. Ҳар гал менга кўрсатилган меҳрибонликдан жисмоний камчилигимни унутаман, бугун ҳам ана шундай эътиборни ҳис қилаяпман, бизга ғамхўрлик кўрсатаётганлар ҳақига фақат эзгу дуодаман, яхшилар кўпайсин”, деб ўз дил кечинмаларини билдирди.
Дарҳақиқат, Ислом динида инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишга, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишга ва жисмоний имконияти чекланган шахсларга мадад беришга доимо тарғиб этилади.
Тадбирларда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов ва вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов иштирок этди.
Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2011 марта ўқилди

Янгиликлар

Top