Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари “Ҳаким Термизий” масжидида  жума намозини адо этди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Сурхондарё вилоятига ташрифлари давомида 11 октябрь куни жума намозини Термиз шаҳридаги “Ҳаким Термизий” жоме масжидида намозхонлар билан бирга адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари йиғилганларга амру маъруф қилиб, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, айниқса, куни кеча 10 октябрь куни муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Яқин Шарқдаги ИШИД жангарилари уруш қилган ҳудудлардан 64 нафар ўзбекистонлик бола она-Ватанимизга олиб келингани жуда катта инсонпарварлик бўлганини атрофлича изоҳлаб бердилар.
Мазкур масжид биноси шарқ меъморчилигининг ноёб анъаналарини ўзида мужассам этган бўлиб, иншоотдаги битта йирик гумбаз ҳамда унга ёндош 2 та 42 метр баландликдаги минора масжидга кўркамлик ва ўзига хос салобат бахш этади. Ёпиқ бино ичида бир вақтнинг ўзида 2500 намозхон ибодат амалларини бажариши мумкин.
Шу билан бирга, мажмуа ҳудудида энг нодир асарлар жамланган кутубхона, турли илмий анжуманлар ўтказишга мўлжалланган алоҳида хоналар ташкил этилди. 2,5 гектарни ташкил этувчи ҳудуд девор билан ўралиб, шарқона айвонлар қад ростлади, умумий овқатланиш, савдо ва турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ёдгорлик мажмуасига кўрк бағишлаши баробарида зиёратчилар ҳамда сайёҳлар учун қулайлик яратмоқда.
Сурхондарё вилояти сафари давом этмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1938 марта ўқилди

Янгиликлар

Top