Ўзбекистон янгиликлари

Замонавий ҳаётда янги тафсири Ирфон

Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йилнинг 19 март куни ўтказилган йиғилишда бешта энг муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Мазкур ташаббуснинг тўртинчи бандида мамлакатимиз ёшларини кенг тафаккурли, билимли ва баркамол қилиб тарбиялаш, маънавиятини юксалтириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича долзарб вазифалар белгилан эди.

Мазкур ташаббусга асосан ҳамда октябрь ойи Тошкент ислом институтида “Қуръон ва тафсир” ойлиги муносабати билан, Ахборот-ресурс маркази ва “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси ҳамкорликда жорий йилнинг 16 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг қаламига мансуб “ТАФСИРИ ИРФОН” Қуръони карим маноларининг ўзбекча таржима ва тафсири китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий маслаҳатчиси Абдулҳаким қори Матқулов, “Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими” мудири Салоҳиддин Шерхонов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров,  проректор Жаҳонгир Мелиқўзиев, матбуот котиби Аброр Мухтор Алий, “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов, ўқитувчилар Яҳё қори Абдураҳмонов, Исломхон қори Убайдуллаев, “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Абдулазим Сайидаҳмедов, ЎМИ кутубхона мудири Камолиддин Маҳкамов, ТИИ АРМ мудири Ўткир Собиров ва 3-курс талабалари иштирок этди. Тақдимот Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Тақдимотда сўзга чиққанлар, “Тафсири Ирфон” китобининг бугунги воқеаликка мос, халқчил, барча учун тушунарли, соддадиллик, юксак илмий маҳорат билан баён этилганлигини таъкидлаб ўтдилар. Муаллиф томонидан замонавий ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган муаммоли масалаларга ечимларни оддий ва содда усулда, таъсирчан етказишга  ҳаракат қилинганлиги таъкидлаб ўтилди. Мазкур китоб тафсир илми бобида келгусида илм аҳлининг йўриқномаси бўлиши билан бирга ҳалқимиз, хусусан ёшларимиз ўртасида уларни баркамол авлод бўлиб шакилланишида муҳим аҳамият касб этади.   

Дарҳақиқат,тафсир илмига оид китоблар жуда ҳам кўп. Ҳар замон, макон, халқ, миллат, элат, мазҳаб ва йўналишнинг ўз тафсири бор. Бутун дунёнинг, айниқса, мусулмон оламининг Қуръони каримга бўлган чексиз қизиқиши уламоларни доимо уни ўрганишга, унинг тафсирини ёзишга чорлаб келган. Қадимдаёқ тафсирлар ва муфассирлар ҳақида алоҳида катта-катта китоблар битилган.

Бинобарин, “Тафсир” сўзи луғатда “баён қилиш”, “очиб бериш” ва “равшан қилиш” маъноларини англатади. Аммо уламолар истилоҳида қуйидагича таърифланади:

“Тафсир – инсон қудрати етгунча Қуръони каримдаги Аллоҳнинг муродини ўрганадиган илмдир”. Бу улуғ илм Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида юзага келган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қадимдан Мовароуннаҳрда “Итқон”, “Тафсири Нўъмоний”, “Тафсири Тибён”, “Тафсири Мавлоно Чархий” каби маҳаллий тилларда таълиф қилинган кўплаб тафсирлар мавжуд. Улар тожик, ўзбек, татар ва бошқа тилларда ёзилган. Бугунги кунда мазкур машҳур тафсир китоблариларнинг мамлакатимиз кутубхона ва музейларида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси қошидаги кутубхонада ҳам мавжуддир. Бу китоблардан бугун уламоларимиз ва талабаларимиз илм йўлида кенг фойдаланмоқда.

Тафсир илмининг мақсади талабаларимизга жамият ва инсон маънавий ҳаётининг муҳим ва асосий қисми бўлган Қуръон ва унинг таълимоти, тафсир илми тарихи тўғрисида илмий-назарий тушунчалар бериш, уларни диний бағрикенглик руҳида тарбиялаш, тафсир ва унинг турлари, таълимоти, йўналиши хақида тўғри илмий хулосалар чиқара оладиган дунёқарашни шакллантириш. Тафсир илми, унинг ва мазмун-моҳиятини талабалар онгига етказиш уларни соғлом тафаккур ва эзгулик ғоялари билан тарбиялашдан иборатдир.

Шунга асосан бугун аҳли илм китобхонлар ўртасида кенг миқиёсда тақдимоти бўлиб ўтаётган “Тафсири Ирфон” китоби халқимиз хусусан ёшларимиз, илми толибларимиз учун дастури амал бўлиб хизмат қилишига ишонамиз.

Тадбир сўгида Аллоҳ таолодан муфтий ҳазратларининг илм йўлида қилган энг улуғ эзгу ишларинининг савобидан у киши томонидан ўтган аждодларининг руҳониятларига етказишини сўраб дуои хайрлар қилинди. Аллоҳ у кишини узоқ йиллар Ўзи хуш кўрган ва рози бўлган хайрли ишларга муваффақ қилсин! Омийн!

 

 

Тошкент ислом институти

 Ахборот-ресурс маркази мудири

Ўткир СОБИРОВ

Расмлар муаллифи Шаҳзод Шомансур

2176 марта ўқилди

Янгиликлар

Top