Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев: Ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир

Янги муҳташам Халқаро конгресс марказида 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари йиғилганларни, бутун халқимизни ушбу тарихий сана билан табриклади.

- Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин, - деди Президент. 

Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан биридир. Дунё миқёсида бу тилда 50 миллионга яқин одам сўзлашади. 

 

Мустабид тузум даврида тилимизни йўқотишга кўп уринишлар бўлган эди. Лекин халқимиз ўз она тилини – миллий ғурурини сақлаб қолди. Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди.

Ушбу тарихий санадан ўттиз йил ўтиб бу борада яна бир қутлуғ қадам қўйилди. Президентимиз 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди. 

Президент она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, «Давлат тили ҳақида»ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.  

- Ҳар биримиз  давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак, - деди Шавкат Мирзиёев. - Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак. 

Тантанали тадбирда депутат ва сенаторлар, ҳукумат аъзолари, давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, тилшунос олимлар ва педагоглар, ёшлар иштирок этди.

Манба: https://president.uz

2110 марта ўқилди

Янгиликлар

Top