Ўзбекистон янгиликлари

«Naqshbandi Tourism Festival–2019» номли халқаро фестивали бошланди

Аввал хабар берганимиздек Малайзиядаги «Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти» ташаббуси ва «HILAL TRAVEL» сайёҳлик ташкилоти, Дин ишлари бўйича қўмита, Ташқи ишлар вазирлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамкорлида ва бевосита Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмаги билан зиёрат туризми йўналишида «Naqshbandi Tourism Festival–2019» номли халқаро фестивали бошланди.

Куни кеча фестиваль иштирокчиларининг дастлабки гуруҳи Тошкент халқаро аэропортида кутиб олиниб, Бухоро шаҳрига авиақатнов ва поезд орқали жўнаб кетишди.

Бугун ушбу фестиваль доирасидаги кейинги гуруҳ вакиллари (жумладан, Малайзия, Бангладеш Халқ Республикаси, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Хитой, Франция, Албания Республикаси, Покистон, Сурия, Жанубий Африка Республикаси, Россия, Буюк Британия давлатларидан) меҳмонлар Бухоро халқаро аэропортида ва Бухоро темир йўл вокзалида кутиб олинди.  

Бухоро шаҳрининг "Афсона" номли тантаналар саройида меҳмонлар, мутасаддилар ва ташкилотчилар иштирокида «Naqshbandi Tourism Festival–2019» халқаро фестивалининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш тадбирида «HILAL TRAVEL» сайёҳлик ташкилоти муассиси Музаффар Саттиев, Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси котибият бўлими мудири Муҳаммад Айюбхон Хомидов ва «Умумжаҳон Сўфийлар ташкилоти» асосчиси шайх Муҳаммад Абдулкарим сўзга чиқишди. Шу билан бирга Нақшбандия тариқатининг етук олимларидан шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари Нақшбандия тариқатининг Ислом оламида тутган ўрни ҳақида суҳбат қилиб бердилар. Суҳбатдан сўнг Зулфиқор Аҳмад Нақшбандий ҳазратлари тадбир ташкилотчиларининг ҳақларига, зиёратларни мақбул ва ҳайрли бўлишлиги учун дуо қилиб тадбирни очиб бердилар.

 

Очилиш маросимидан сўнг тушлик дастурхони ёзилди.

 Тушликдан сўнг меҳмонлар зиёратларни Ҳазрати Сайид Амир Кулол зиёратгоҳ-мажмуасидан бошладилар. Сўнг Биби Орифа мажмуаси зиёратига борилди. Сўнгра Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг зиёратларида бўлдилар. Бугунги зиёратлар шу билан якунланди. Эртага фестиваль доирасидаги зиёратлар яна давом этади. Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боринг.



Манба: https://islom.uz

2301 марта ўқилди

Янгиликлар

Top