Ўзбекистон янгиликлари

Мир Араб олий мадрасасида республика талабалар анжумани ўтказилмоқда

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ва улкан бунёдкорлик ишлари самараси ўлароқ юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, улар қўним топган қадамжоларни обод этиш борасида муҳтарам юртбошимиз томонидан катта ишлар амалга оширилмоқда.

ISESCO ташкилоти томонидан “2020 йилда Бухоро шаҳрининг Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирлар ижроси юзасидан Бухоро вилоятидаги Мир Араб олий мадрасасида Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг                 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йилллигига бағишланган “Аждодларимиз мероси-маънавиятимиз сарчашмаси” мавзусида талабалар илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Бухоро давлат университети, Бухоро муҳандислик-технологиялари институти талабалари ва педагог-ўқитувчилари иштирок этдилар.

Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг масъул ходимлари, Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вакили иштирок этиб, анжуманнинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Анжуманда талабалар томонидан Бухорода яшаб ижод этган алломалар, нақшбандия тариқати, тасаввуф таълимоти намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти, ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси, Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, юртимиздан етишиб чиққан алломалар меросининг ёшлар тарбиясида аҳамиятига оид мавзулар кенг ёритилди.

Анжуман якунида талабалар томонидан ёритилган мавзулар доирасида мутахассислар ва педагог-ўқитувчилар томонидан муҳокама ўтказилди.

Анжуманнинг иккинчи қисмида талабалар учун Бухоро шаҳридаги “Етти пир” ва бошқа диққатга сазовор қадамжоларга зиёратлар ташкил этилди.

Республика талабалар илмий-амалий анжумани Бухоро вилоят телевиденияси ва интернет сайтларида кенг ёритилди.

 

 

 

 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири

 С.Шерхонов

2054 марта ўқилди

Янгиликлар

Top