Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент ислом институтида – “Китобхонлик куни”

“Китоб”, “Китобхонлик”, “Кутубхона” сўзларининг ўзаги аслида арабчадан олинган ва бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади.

Китоб – туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг ундан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки, у ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”, дея таъкидлаган бўлса, соҳибқирон Амир Темур “Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир. Ҳаётни ўргатувчи мураббийдир”, дея уқтирган.

 


Юртимизда ёшларнинг китобхонлик маданиятини ошириш учун амалга оширилаётган ислоҳотлар бежизга эмас, бинобарин, келажак авлоднинг камолоти илм олиш, билимли бўлиш билан белгиланади. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 12 январь куни “Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган” фармойиш эълон қилди. Бу эса ўз навбатида, юртимизда китобхонлик савияси ошишига, янгидан-янги сермазмун китоблар чоп этилишига омил бўлувчи муҳим одимдир. Ана шундай имкониятлардан оқилона фойдаланиб, янгидан-янги нашрдан чиқаётган сермазмун асарларни ўқиб бориш ёшларнинг онги ўсиши, тафаккури теранлашиб, ўзининг мустақил фикрига эга бўлишига имкон беради.

 

Эътироф этиш жоизки, юқорида тилга олинган Президент фармойиши китоб, китобхонлик маданиятининг жамият маънавий ҳаётидаги ўрнини юқори босқичга кўтарганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу муҳим ҳужжат мамлакатимизда маънавий-маърифий жараёнларни изчиллик билан амалга ошириш, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларимизнинг баркамол бўлиб тарбияланиши учун зарур   шарт-шароитларни янада кенгайтириш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ҳар қандай бузғунчи куч ва хуружни юксак маънавият билан енгиш мумкин. Шу маънода китобхонлик бугун барчамиз учун ҳаётий заруратга айланмоғи керак. Ушбу масалага шахсан давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муҳим вазифаларнинг белгилаб берилаётганлиги аҳоли ўртасида юксак маънавий онг ва маърифатпарварликни тарғиб қилиш йўлида барчамиз учун янги ибрат босқичини бошлаб берди, де­йиш мумкин.

 


Шунга асосан талаба-ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оммалаштириш, уларнинг бадиий, илмий саводхонлигини янада ошириш ва мутолаа муҳитини шакллантириш, улар ўртасида китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш мақсадида бугун Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази ва “Ҳилол-нашр” нашриёт-матбааси билан ҳамкорликда “Китобхонлик куни” шиори остида китоб кўргазма-савдоси ташкил этилди.

 


Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки бугун диний таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Китобхонлик” кунлари ташкил этилган. Шунга мувофиқ Тошкент ислом институтида ҳар ойда китоб кўргазмасини ташкил этиш талабалар ўртасида ҳақиқий анъанага айланиб улгурган.

Бугун мазкур кўргазма-савдода китобхонларга “Ҳилол-нашр” нашриёт томонидан чоп этилган 70 дан ортиқ номдаги 1000 га яқин диний-маърифий адабиётлар, фиқҳ, ақоид, тафсир, ҳадис фанига оид ўқув дарсликлар, бадиий, илмий-оммабоп нашрлар, араб, инглиз, рус ва ўзбек тилидаги луғатлар, шеърий тўпламлар ҳамда АРМга келган янги китоблар тўпламлари шунингдек, “Ҳидоят”, “Мўъминалар” журнали ва “Ислом нури” газеталарининг 2020 йил обуна тарғиботига қаратилган намойиши бўлиб ўтмоқда.

Мана шундай китоб кўргазмаларининг ўтказилиши ёшларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқини янада оширади. Шунингдек, келгусида ўқув даргоҳимизда ҳафтанинг ҳар сешанба кунини “Китобхонлик куни” деб амалиётга тадбиқ этииб ва бу тадбирни анъана тарзида изчил давом эттирамиз. 

Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс маркази
мудири Ў.СОБИРОВ

2129 марта ўқилди

Янгиликлар

Top