Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Сурхондарё вилоятига ташриф буюрдилар

19 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Сурхондарё вилоятида диний-маърифий сохада олиб борилаётган ишлар билан танишиш, имом-хатиблар билан учрашиш мақсадида Сурхондарё вилоятига сафар қилдилар.

Муфтий ҳазратлари дастлаб Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказида ташкил этилган имом-хатиблар учун малака ошириш ўқув жараёни билан танишдилар.

Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг  17-18 октябрь куни Сурхондарё вилоятига қилган ташрифлари чоғида янги бунёд этилган Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази биноси билан танишиб, буюк муҳаддис Имом Термизий ҳазратларининг ҳаёти ва асарларини чуқур ўрганиш, ёш авлодга етказиш, халқимизга тушунарли тилда китоблар чоп этиш бўйича тавсиялар берган эдилар. Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ёт оқимлар таъсирига тушган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича “Сурхондарё тажрибаси”ни жорий этиш таклифини илгари сурган эдилар.

 Шунга кўра, ҳозирги кунда режа асосида дастлабки босқичда Сурхондарё ва  Қашқадарё вилоятларидан 11 нафар  иқтидорли имом-хатиб кучайтирилган тартибда марказда ўз малакаларини оширмоқдалар. Ўқув дастурининг асосини термизий алломаларнинг илмий меросини ўрганиш,  асарларини тадқиқ этиш ташкил этади. Меҳмонлар ўқув жараёни ва бу ерда ташкил этилган шарт-шароитлар билан танишдилар. Дарс жараёнларини янада бойитиш бўйича тегишли тавсиялар бердилар.

Шундан сўнг, вилоятда фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом ноиблари билан учрашув ўтказилди. Бугунги кунда Сурхондарё вилоятида 111 масжид фаолият юритмоқда. Уларда 111 нафар имом-хатиб, 73 нафар имом ноиблари хизмат қилмоқдалар. Учрашувда тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди, мавжуд муаммолар тингланди. Юқорида таъкидланганидек, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида ёт оқимлар таъсирига тушган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтариш бўйича “Сурхондарё тажрибаси”ни жорий этиш бўйича истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.

Меҳмонлар иш куни якунида “Оила” илмий-амалий марказида бўлиб, вилоятда оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш, мавжуд ажримларнинг олдини олиш бўйича диний соха ходимлари билан ҳамкорлик ишларини кучайтириш борасида фикр алмашдилар.  Бундан ташқари марказ қошида ташкил этилган касб-ҳунар тўгаркалари фаолияти билан танишдилар.

 

Муфтий ҳазратларининг Сурхондарё вилоятига ташрифлари давом этади.

2178 марта ўқилди

Янгиликлар

Top