Ўзбекистон янгиликлари

“Қорахитой” масжиди қурилиши учун қўшимча ер ажратилди. Масжид бутунлай янгича кўринишда барпо этилади

Тошкент вилояти Оҳангарон туманидаги Тошкент-Ўш авмагистралининг А-373 қисми бўйида жойлашган “Қорахитой” жоме масжиди янгидан қурилмоқда.

Масжид катта йўл бўйида жойлашганлигини эътиборга олиб, бу жойда йўловчилар, зиёратчилар учун ўзига хос қулайликлар яратилади. Туман ҳокимлиги томонидан масжид учун қўшимча ажратилган 1.5 га жойда  пастки ертўла қисм билан ҳисобланганда 2500 кишилик хонақоҳ, таҳоратхона, маъмурий хоналар, автотураргоҳ, аёллар учун таҳоратхона ва намозхона ҳамда ёш гўдаклик оналар учун алоҳида хоналар барпо этилади.  

 

 

Бундан аввал Вилоят бош имом-хатиби катта йўл бўйларидаги таъмирланаётган масжидлар лойиҳасини пухта ўйлаб, йўловчиларга ҳар томонлама юқори шарт-шароитларни таъминлаши юзасидан кўрсатма берган эди. 

 

 

Куни кеча, 19 ноябрь куни эзгу ниятлар билан масжиднинг асосий биносига биринчи ғишт қўйилди. Тошкент вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов, туман ҳокими ва мутасаддилари, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган нуроний отахонлар тадбирда иштирок этиб, ибодат уйига бирин-кетин ғишт қўйдилар.

 

 

Йиғилганлар қурилишда жонбозлик кўрсатаётган барча ихлоси баланд ҳашарчилар, саҳоватпеша кишилар ҳаққларига дуолар қилдилар.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Тошкент вилоятида 29 та масжид янги лойиҳалар асосида қайтадан қурилмоқда.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

 

 

 

2330 марта ўқилди

Янгиликлар

Top