Ўзбекистон янгиликлари

"Дорул омон" жоме масжидига илк ғишт қўйилди

«Аллоҳнинг масжидларини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар» деб марҳамат қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳамду санолар бўлсин! 

«Ким бир масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда шунинг мислини қуриб беради», деб марҳамат қилганлар Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотларимиз бўлсин!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш қадим Мовароуннаҳр юртимизда сўнгги йилларда масжид-мадрасалар қуриш яна одатий жараёнга айланиб бормоқда. Ҳар куни юртимизнинг турли вилоятларидан янги масжид қурилаётгани ёки қуриб битказилиб, ишга тушгани ҳақида хушхабарлар келиб турибди. 

Бугун 27 ноябр куни пойтахтимиз Тошкентда ана шундай хайрли ишларнинг яна бир гўзал намунасига гувоҳ бўлдик. Ушбу кун Мирзо Улуғбек тумани, Улуғбек шаҳарчасида жойлашган "Дорул омон" жоме масжидининг илк ғиштини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигидаги бир гуруҳ дин пешволари, имом-хатиблар, мударрислар масжид қурилишига ташриф буюриб, иш жараёни билан танишдилар, масжид ҳайъати ҳамда барча усталар, масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча юртдошларимизнинг ҳаққига хайрли дуолар қилдилар.

Қуръон тиловат қилингач, бу масжиднинг то қиёматгача Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган, таровеҳлар, хатми Қуръонлар, зикру тасбеҳлар қилинадиган саждагоҳ бўлишини, моддий ва маънавий обод бўлишини, мўмин-мусулмонлар эмин-эркин ибодат қиладиган байтуллоҳ бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди. Шундан сўнг муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масжиднинг илк ғиштини табаррукона қўйиб бериб, унинг қурилишига оқ фотиҳа бердилар. 

Аллоҳ таоло бу кунда қилинган барча хайрли дуоларни ижобат айласин, масжидимизнинг тез кунларда ишга тушиб, саждагоҳга айланишини насиб қилсин, бу эзгу ишга бош қўшган, камарбаста бўлган, моддий ва маънавий ёрдам қилган, уни қурган, қурилишга раҳбарлик қилган, озми-кўпчи ҳисса қўшган барча азизларимизга муносиб ажру мукофотлар ато қилсин!

 ЎМИ Матбуот хизмати

3412 марта ўқилди

Янгиликлар

Top