Ўзбекистон янгиликлари

Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати

Инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланади. Мамлакатимиз Конституциясида умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқ-нормаларига мувофиқ, бу қоида кафолатланганлиги белгилаб қўйилган. Таъкидлаш жоизки, конституция халқимиз қўлга киритган улкан муваффақиятлар, мамлакатимизнинг барқарор тараққиёт йўлига чиқиб олишида мустаҳкам замин бўлмоқда. Унда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳадис илми мактабида жорий йилнинг 7 декабрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан “Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси катта ўқитувчиси М.Юнусов маъруза билан иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолати экани, Конституция – барча иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ислоҳотларнинг ҳам, маънавий ислоҳотларнинг ҳам тамал тоши бўлиб хизмат қилиши, Конституциянинг қабул қилиниши орқали халқимиз жаҳон ҳамжамиятига ўзининг умуминсоний қадриятларга содиқ эканлигини намоён қилгани таъкидланди.
Жумладан, бош қомусимизнинг яратилиш тарихи, унга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳақида бўлибгина қолмасдан, балки конституциямизнинг жамиятдаги муҳим ўрни ва демократик ислоҳотларнинг таянчи эканлиги ҳақида кенг ва атрофлича фикр ва мулоҳазалар юритилишини айтиб ўтди.
Шунингдек, тадбир давомида маърузачи Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари ва талабалари учун 2019-2020 ўқув йили давомида ташкил этиладиган маънавий-маърифий учрашувлар режасига асосан “Жаҳон адабиёти дурдоналарини ўрганишнинг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.
Тадбир якунида маърузалар бўйича талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олдилар.

 

 



Ж.Акрамов
Ҳадис илми мактаби
Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

2311 марта ўқилди

Янгиликлар

Top