Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратларининг Бухорои шарифга сафарлари бошланди

Бугун, 10 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедовнинг Бухорои шариф бўйлаб сафарлари бошланди. Ташрифнинг аввали Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасидан бошланди. Таомилга биноан ўтганларнинг руҳи поки ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Муфтий ҳазратлари юртимизнинг бир қатор ҳудудларида бўлиб, муҳтарам Президентимиз ташрифлари чоғида берилган соҳага тегишли бир қатор топшириқларнинг ижроси, диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ишлар кўлами билан танишмоқдалар. Сафарлар доирасида аҳоли вакиллари билан учрашувлар, турли хайрия ва саховат тадбирлари ҳам ташкил этилмоқда. Бу галги сафарда ҳам мана шундай ишларга катта урғу берилди.
Маълумки, Президентимизнинг 2017 йил 1 июлдаги “Абдухолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллигини ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишига биноан бугун Бухоро улкан бунёдкорлик майдонига айланди.
Давлатимиз раҳбари шу йил 16 февраль куни Бухоро вилоятига ташрифлари чоғида уламою фузалолар, азиз авлиёлар мангу қўним топган масканларни янада обод этиб, бу жойларда зиёратчилар учун зарур шароитлар яратиш борасида мутасаддиларга берилган кўрсатмалар ижроси бўйича режали ишлар қилинаётганига гувоҳ бўлинди.
Айни пайтда етти пир – Абдулхолиқ Ғиждувоний, Муҳаммад Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуалари янада обод қилиняпти.
Бухоро сафари жараёнларини сайтимизда кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2100 марта ўқилди

Янгиликлар

Top