Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратларининг навбатдаги сафар манзили – Навоий вилояти

Бугун, 11 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Навоий вилоятида бўлдилар.
Барча вилоятлар каби Навоий вилоятининг ҳам ўзи хос жиҳатлари мавжуд. Буюк мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталувчи ушбу энг кенжа вилоят ҳудуди жиҳатидан энг катта бўлиб, аҳолисининг кўп миллатлилиги билан алоҳида ажралиб туради.
Муҳтарам Президентимиз 2017 йили Навоий вилоятига ташрифи чоғида Нурота туманидаги «Чашма» зиёратгоҳи атрофини кенгайтириш ва ободонлаштириш юзасидан кўрсатмалар берган эди.
Ўтган йили бу ишлар амалга оширилиб, зиёратгоҳ ҳудуди ўзгача чирой очди. Эллик ўринли «Нурота» меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Манзарали бута ва дарахтлар экилиб, фаввора бунёд этилди. Эндиликда «Чилустун» ва «Панжвақта» масжидлари, Абул Ҳасан Нурий мақбарасини таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Муфтий ҳазратлари ташрифларининг аввалида вилоятда истиқомат қилаётган боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш бўлди, улар билан суҳбат қилинди. Ўксик қалбларга ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак кўрсатилди.
Шунингдек, “Вақф” фонди томонидан ногиронлиги туфайли тўшакка михланиб қолган инсонларга ногиронлик аравачалари, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва кийим-кечаклар тақдим этилди.
Мана шундай хайрия ишлари орқали шундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига мамнунлик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан ҳисобланади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2148 марта ўқилди

Янгиликлар

Top