Ўзбекистон янгиликлари

Олти асрлик тарихга эга “Жўш ота” масжидида реконструкция ишлари якунига етмоқда

Самарқанд вилояти марказидан қарийб 150, Қўшработ тумани марказидан 45 километр узоқликдаги Юқори Жўш маҳалласида олти асрлик тарихга эга “Жўш ота” жоме масжиди жойлашган. Анчайин эскириб, таъмирталаб аҳволга келиб қолган жоме масжид ва унинг ёнидаги “Бобожўш” мақбарасида шу йилнинг март ойида “Обод қишлоқ” дастури асосида қайта реконструкция қилиш ишлари бошлаб юборилган эди.

 

 

Асли хоразмлик Маҳмудхўжа ўғли Бобохўжа ҳазратлари “Бобожўш” номи билан машҳур бўлиб, Х асрларда шу қишлоқда яшаб ўтганлари тарихий манбаларда келтирилган. У кишининг қабри ёнида ХV – ХVI асрларда масжид бунёд бўлганлиги мақбара битиктошларидаги ёзувлардан маълум.

Масжидни реконструкция қилишда унинг асл қиёфасини сақлаб қолишга алоҳида аҳамият қаратилди. Гумбаз қисми ғиштдан барпо этилди. Хонақоҳ ички қисмига ҳам ортиқча безак берилмади. Шунингдек, қўшимча бинолар, кутубхона, эркаклар ва аёллар учун алоҳида таҳоратхона барпо этилди. Қурилиш ва таъмирлаш ишлари маҳалла аҳлининг саъй-ҳаракатлари, ҳашари эвазига амалга оширилди”, дейди ммасжид имом-хатиби Нарзуллоҳ Қубоев.

 

 

Яқинда бу жойдаги ободонлаштириш ишларининг бориши, қолаверса масжид жамоаси, намозхонлар билан учрашиш мақсадида вилоят бош имом-хатибининг ўринбосари Ёқубжон Мансуров ташриф буюриб, жума намозини ўқиб берди. Ёқубжон қуйидагиларни айтиб ўтди:

 

 

Қисқа муддатда, айниқса, қишнинг совуқ кунларида ҳам тин олмай бу ерда кенг кўламли ишлар амалга оширилиб, бугун деярли битказилиб тургани, масжид яна ўзининг шинам ва мунаввар қиёфасининг тиклаганини кўриб таажублландим. Сизнинг ихлосу-муҳаббатингиз, меҳнатингиз эвазига ушбу масжид қайта бунёд бўлди ва насиб этса яна кўп авлодларга тарихий мерос бўлиб қолади”, дея қишлоқ аҳлини муборакбод этди. 

 

 

Қурилиш, таъмирлаш ишлари ўз ниҳоясига етишига яқин турибди. Қисқа муддатларда ободонлаштириш ишлари тугалланиб, масжид-зиёратгоҳ намозхон ва зиёратчилар ихтиёрига тўлиқ топширилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими  

2260 марта ўқилди

Янгиликлар

Top