Ўзбекистон янгиликлари

Халқ рози – хақ рози!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканмиз, кўз ўнгимизда яқин беш йилликда эътибор қаратилиши ва амалга оширилиши зурур бўлган ислоҳотлар, устувор йўналишлар ва вазифалар кўлами намоён бўлди ва ич-ичимиздан  мамлакатимиз тараққиётида янги давр бошланаётганини ҳис этдик.

Ушбу Мурожаатномада давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсат, энг аввало, халқ манфаатига, юртдошларимиз ҳаётини юксалтиришга қаратилгани яна бир карра ўз исботини топди. Президентимиз таъкидлаганидек, бундан кейин ҳам халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотлар давом эттирилади, биринчи навбатда, аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш – биз учун бош вазифалардан бўлиб қолаверади.

Албатта, бундай тарихий юксалишлар жараёнида ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун хизмат қилиш, биз – имом-хатиблар, илм аҳли, дин хизматчиларининг ҳам бурчидир. Чунки, дунёда кўплаб мамлакатларга соя солаётган жаҳолат кўланкаси бор экан, бизнинг хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Зотан, олдимизга қўйган юксак мақсадларимизга фақатгина тинч, озод ва обод юртдагина эришиш мумкин. Ватанимиз тинчлигини бардавомлиги жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, фарзандларимизни илму маърифат соҳиби қилиб тарбиялаш билан бўлади.

Қолаверса, халқимиз неча асрлардан бери эътиқод қилиб келаётган  ислом ҳам илм ва маърифат динидир. Дунёда исломчалик илм-маърифат ўрганиш ва ўргатишга катта аҳамият берган дин йўқ. Ислом динининг муқаддаси китоби – “Қуръони карим” ҳам “Ўқи” амри билан нозил бўла бошлаган. “Мусҳафи шариф”да илм тўғрисида 811 жойда зикр қилинган. Пайғамбаримиз ҳам “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб марҳамат қилганлар.

Мамлакатимизда бундан буён ҳам “жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб хусусиятларини тарғиб қилувчи эзгу ҳаракатлар давом эттирилади. Хусусан, ислом дини равнақига улкан ҳисса қўшган  ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар, юқори даражадаги тадбирлар ташкил этилади. Шунингдек, Имом Бухорийнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда мутлақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш, буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанднинг 700 йиллик таваллуд айёмини юқори савияда ўтказиш режалаштирилган.

Албатта, Президентимизнинг улуғ уламоларимизга кўрсатаётган эҳтиромини, уларнинг илмий меросларини чуқур ўрганиш учун яратаётган шароиту имкониятларини биз, дин хизматчилари ўзимиз учун юксак эътибор ва ишонч, деб қабул қиламиз. Бунга жавобан, биз ҳам ватанимиз ва халқимиз учун бел боғлаб, хизмат қилиш, бор билим, имконияту салоҳиятимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, халқимиз биздан рози бўлса, Ҳақ ҳам рози бўлади.

 

Азимжон АЛИМЖОНОВ,

Тошкент шаҳри

Мирзо Улуғбек туманидаги

“Мулла Қосим” жоме масжиди

имом-хатиби.

 

1801 марта ўқилди

Янгиликлар

Top