Ўзбекистон янгиликлари

Сиз бунга муносибсиз! Сурдо таржимонлари муносиб тақдирланди

Инсон зотига Аллоҳ таоло сон-саноқсиз неъматлар ато этган. Аммо, орамизда шундай инсонлар борки уларни ўзгаларга ибрат ўлароқ Аллоҳ таоло бази мусибатлар билан синаган. Мана шундай тоифалардан бири имконияти чекланган яъни гапириш ва эшитишда нуқсони бор бўлган шахслардир.

Бундай инсонларни қўллаб қувватлаш, уларга меҳр ва ёрдам кўрсатиш динимиз томонидан мақталган, савоби улуғ амаллардан ҳисобланади.

Ватанимизда ҳукуматимиз томонидан ногиронлиги бор бўлган шахслар учун алоҳида ғамхўрлик қилиш йўлга қўйилган ва кўплаб шароитлар яратилган. Жумладан, уларнинг диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида Республикамиз бўйлаб, белгиланган масжидларда жума марузалари сурдо таржимонлари орқали етказилаётган бўлса, бизнинг “Шайх Зайниддин” жоме масжидимизда эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ҳафтада икки бор турли хил мавзуларда суҳбатлар уюштирилмоқда. Шунингдек, уларни қийнаётган турли саволларга диний соҳа ходимлари томонидан батафсил жавоб берилиб келмоқда.

Таъкидлаш жоизки, улар билан суҳбат қуришимиз ва мулоқотга қилишимизда сурдо таржимонларининг ўрни беқиёс. Уларнинг беминнат хизматлари ардоқлашга арзийди.

Шу мақсадни кўзлаб ҳомийларни жалб қилган ҳолда арзимас бўлсада Тошкент шаҳридаги гапириш ва эшитишда нуқсони бор бўлган шахсларга доимий равишда бизнинг суҳбатларимизни етказиб беришда яқиндан ёрдам бераётган Бердиев Рустам ва Худойберганова Ойдинга совғалар улашдик.

Булар каби ватанпарвар ва ўз ишининг фидоийси бўлган инсонларни ҳаётларини фаровон қилиб, эзгу ниятларини амалга оширсин!

“Шайх Зайниддин” масжиди

имом-хатиби Яҳё Абдуоаҳмонов

1901 марта ўқилди

Янгиликлар

Top