Ўзбекистон янгиликлари

Навоийни ёд этиб

Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Хотира шундай руҳий-маънавий, инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва келажак билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир.

Жорий йилнинг 10 февраль куни Ҳадис илми мактабида улуғ мутафаккир, сўз мулкининг султони Низомиддин Мир Алишер Навоий таваллудининг 579 йиллиги муносабати билан “Навоийни ёд этиб” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мазкур тадбир икки қисмда ташкил этилди. Дастлаб Мактаб мажлислар залида ўқитувчи ва талаблар учун “Навоий ижодини англаш” мавзусида илмий-маърифий давра суҳбати ташкил этилди. Илмий мажлисга Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказидан директор Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев, Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи филалогия фанлар номзоди, доцент О.Рустамов, Самарқанд давлат университети 2 курс магистранти А.Собиров иштирок этди.

Тадбир аввалида мактаб ректори О.Юсупов сўзга чиқиб, республикамизда Навоий ҳазратларининг ижодини ўрганиш бўйича амалга оширилаётган илмий тадқиқотлар ва амалий ишлар, мутафаккир зотнинг таваллудига бағишлаб ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг профессор Б.Тўраев Алишер Навоийнинг “Муножаат” асарининг ёзилиш тарихи ва асарда келтирилган назмий байтларнинг мазмун-моҳияти ҳақида, доцент О.Рустамов Алишер Навоий қурдирган маърифий-маданий иншоатлар, ислом маърифатини англашда Хожа Аҳрор Вали билан мулоқотлари тўғрисида сўз юритди.

Албатта, Навоийхонлик кечаларини ғазал ва байтларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ушбу тадбирда ташриф буюрган магистрант А.Собиров Навоий асарлардан ғазаллар ўқиб, уларни шарҳлаш асносида байтларда илгари сурилган илоҳий ишқ мавзусида илмий маъруза қилди.

Илмий-маърифий давра суҳбатидан сўнг Мактаб ошхонасида Алишер Навоийни хотирлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари ҳамда мактаб ўқитувчи ва талаблар учун эҳсон дастурхони ташкил этилди. Тадбир якунида хатми Қуръон қилиниб, диёримизда ўтган барча алломалар, хусусан, мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳазратларига бахшида қилинди.

 

 

Ж.Акрамов

Ҳадис илми мактаби

Ўқув-услубий бўлим бошлиғи

1909 марта ўқилди

Янгиликлар

Top