Ўзбекистон янгиликлари

Сирдарёлик имомлар ёнғин туфайли мудҳиш талофат кўрган хонадонга ҳамдардлик билдирдилар

Жорий йилнинг 17 февраль куни Сирдарё вилояти Оқолтин тумани, «Кўркам диёр» маҳалласи, Робот кўчасидаги 3-уй, 1-хонадонда содир бўлган катта ёнғин натижасида ушбу уйдаги 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган эди.  

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ёнғин натижасида уйнинг кириш йўлаги ва ётоқхонасининг 40 кв.м майдондаги уй жиҳозлари ёнган.

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров бошчилигида имомлар талофат етган хонадонга таъзия билдириб, жаноза ва бошқа маросимларида хизмат қилмоқдалар. Мусибат эгаларига тасалли бериб, қурбон бўлганлар ҳадиси шарифга мувофиқ “шаҳид” мақомида кетиши хабарини беришди. 

Вилоят ҳокимлиги томонидан ёнғин содир бўлган уйни қисқа муддатда таъмирлаш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган. Ҳабибуллоҳ Зокиров ва Оқ олтин тумани бош имом-хатиби Мансур Исмоиловлар хонадонга 6 дона гилам ҳадя қилдилар.

Дарҳақиқат, ҳар бир банда ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Зотан, бу ҳаётнинг ўзи имтиҳон дунёсидир. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай хабар қилинади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар(ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз” (Бақара, 155). Мусибатлар сабаб қилиниб банданинг имони синалади. Яқинларидан ажраши, мол-мулкнинг касодга учраши, бемор бўлиш ёки ишдаги муваффақиятсизлик кабиларнинг барчаси синовдир. Банда гоҳида яхшилик билан, баъзида қийинчилик билан синалади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

 

1657 марта ўқилди

Янгиликлар

Top