Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик имомлар “Ал Азҳар”да малака оширмоқдалар

Маълумки 2019 йилда Ўзбекистон делегациясининг Миср давлатига сафари чоғида Ал-Азҳар мажмуаси билан имзоланган “Йўл харитаси”га мувофиқ ҳар йили ўзбекистонлик имом-хатиблар Мисрда икки ойлик малака ошириш курсларида таҳсил олиши белгиланган эди.  

Жорий йилнинг март ойи аввалида мазкур дастур доирасида имом-хатибларимизнинг илк гуруҳи Мисрга йўл олдилар. Ҳозирда улар Ал-Азҳар халкаро ислом академияси қошидаги имомлар, даъватчилар ва фатво тадқиқотчилари малакасини ошириш институтида дарсларни бошлаб юбордилар.

Тингловчиларга фиқҳ, мусталаҳул ҳадис, усулул фиқҳ, фуруъл фиқҳ, Қуръон илмлари, тафсир, тажвид, фиқҳий мазҳаблар, ислом ҳазораси, мулоқот ва мунозара одоблари каби фанлардан Ал-Азҳар мажмуасининг профессор, фан докторлари таълим бермоқдалар. 

“Бу жойдаги илмий муҳит юқори савияда. Турли мамлакатлардан имомлар, исломшунос ходимлар, келиб таҳсил оладилар. Бу ерда диний таълим замонавий муаммоларнинг ечими сифатида амалий малакалар билан бирга берилади. Таҳлилга кўпроқ эътибор берилади. Масалан, бугунги мусулмон олами дуч келаётган баъзи муаммолар қайси ҳудудга тааллуқли бўлмасин,  айни воқеелик нуқтаи назаридан чуқур таҳлил қилинади. Ва шу асосда муаммонинг ечимига ёндашилади”, дейди “Тўра бува”  масжиди имом-хатиби Шавкат Ҳамдамов. 

 

Малака ошириш курслари икки ой давом этади. Якунда имомларга Қуръон қироати, тажвид, тафсир, ҳадис, ақида ва фиқҳ бўйича ижоза (махсус сертификат) олиши белгилаб қўйилган. 

Сўнгра навбатдаги бошқа гуруҳлар билан малака ошириш ўқув курси узвий давом эттирилиб борилади. Бундан ташқари Қоҳира шаҳридаги "Дорул ифто ал-мисрийя" (Миср фатво уйи) академиясига ҳам имом-хатибларимизнинг қисқа муддатли ўқувга боришлари бўйича саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. 

Қадимдан ислом оламида машҳур бўлган, кўплаб алломаларни етиштирган ушбу мўътабар илм даргоҳларида имомларимизнинг таълим олиб, малакаларини  оширишлари халқимиз учун катта неъмат бўлди. Келгусида айнан улар орқали ислом тафаккури янада теран таралади. Сохада ўзаро тажриба ва билимлар алмашинади. Аллоҳ таоло икки халқ орасидаги дин ва маърифат йўлидаги хайрли ҳамкорликларни мустаҳкам қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

2200 марта ўқилди

Янгиликлар

Top