Ўзбекистон янгиликлари

Савобли касб эгаларига эҳтиром

Ҳаммамизга маълумки, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш йўлида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Шу ўринда бугунги кунда бутун дунёни ларзага солиб турган Коронавирус (СOVID 19) инфекцияси бизнинг жонажон юртимизни ҳам назардан четда қолдирмаганини таъкидлаш ўринлидир. Мана шундай қалтис вазиятда ўз соғлигини кейинга суриб, инсонлар соғлигини биринчи ўринга қўйган ва бу йўлда бор билими ва салоҳияти билан хизмат қилаётган тиббиёт ходимларининг хизматлари таҳсинга сазовор.
Жойларда барча мутасадди ташкилотлар қатори имом-хатибларимиз ҳам тиббиёт ходимларининг бу самарали хизматларини қадрлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жойлардаги шифохоналарга ташриф қилмоқдалар. Жумладан, Булунғур, Нарпай, Самарқанд ва Иштихон туман бош имом-хатиблари туман марказий шифохонасида ҳамшира ва шифокорлар билан учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қурган ҳолда ҳақларига дуолар қилиб, кўнгилларин кўтардилар. Шунингдек, улар юз ниқобларни ҳадя қилдилар. Қолверса, вилоятдаги барча имом-хатиблар мана шундай улуғ касб эгалари билан учрашиб, уларга ўз ҳадяларини тақдим қилмоқдалар. Инсон соғлиги йўлида чин дилдан хизмат қилаётган бу савобли касб эгаларининг қилаётган хизматларига Аллоҳ таолонинг ўзи ажру-мукофотлар берсин.
Ундан ташқари Каттақўрғон туман бош имом-хатиби ташаббуси билан “Уйда ўтириб, китоб ўқинг” акцияси эълон қилиниб, диний-маърифий китоблар тарқатилмоқда.

 

 

 


Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги Матбуот хизмати

2061 марта ўқилди

Янгиликлар

Top