Ўзбекистон янгиликлари

Миср бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбаридан миннатдорлик мактуби

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори, профессор Рустам Собирович Қосимов номига Миср Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Муҳаммад ат-Таййиб жаноблари томонидан йўлланган миннатдорлик мактуби қабул қилинди.

Унда жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Абу Мансур ал-Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги тарихий конференциянинг юқори савияда ўтказилгани эътироф этилгани ҳолда меҳмонларга кўрсатилган самимийлик ва илтифот учун чин қалбдан миннатдорлик билдирилган.

Ушбу конференциянинг катта муваффақиятларга эришгани ва унинг натижасида муҳим хулосалар ҳамда қимматли тавсиялар қабул қилингани алоҳида таъкидланган.

Эътиборлиси, мазкур анжуман буюк Имом ал-Мотуридийнинг инсонларни мулоқот маданиятига чақирувчи мўътадиллик қарашлари ва фикр-мулоҳазаларини дунёга ёйиш, барчага ҳурмат билан қараш, халқлар ўртасида биродарлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириш қадриятларини мустаҳкамлаш ҳамда жаҳонда тинчлик маданиятини тарғиб этишда катта из қолдиргани юксак баҳоланган.

Шунингдек, анжуман доирасидаги мулоқотларда келишилганидек, Имом Абу Мансур ал-Мотуридий мавзуида талабалар ва тадқиқотчилар ўртасида мусобақалар ўтказиш, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, аз-Замаҳшарий ҳамда юртимизнинг бошқа буюк алломалари ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишлаб ўтказиладиган халқаро конференцияларда доимий ҳамкорлик қилишга умид билдирилган.

АҲМАД АТ-ТАЙЙИБ, 

АЛ-АЗҲАР ШАЙХИ

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

1841 марта ўқилди

Янгиликлар

Top