Ўзбекистон янгиликлари

Сурдо таржимонларига юксак мукофот муборак

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан имконияти чекланган юртдошларимиз учун 2018 йилдан буён Республикамиз вилоятлари марказий масжидларида сурдо таржимаси асосидаги суҳбатлар ва жума мавъизалари олиб борилмоқда.
Бундан кўзланган мақсад имконияти чекланган кишилар орасида диний муҳитни соғломлаштириш, уларнинг динимизни ўрганишга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, Ислом динининг инсонпарвар ғояларини тарғиб қилиш орқали ёт ғояларга барҳам бериш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни тушкунликдан асраш ва жамиятда фуқаролар тенглигини таъминлаш саналади.
Ушбу тадбирлар эшитиш ва нутқида камчилиги бўлган инсонлар алдамчи ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги, турли секталарга кириб кетмаслиги, уларнинг оилавий, маиший ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада сурдо таржимонларнинг меҳнати алоҳида аҳамиятга эга.
Куни кеча ана шу суҳбатларни сурдо тилига таржима қилувчи – Рустам Бердиев ва Ойдин Худойбергановага “Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони топширилди. Бу юртимизда сурдо таржимонларга кўрсатилаётган улкан эътибор намунаси бўлди.
Аллоҳ таоло сурдо таржимонларимизга юксак мукофотни муборак қилсин, қилаётган хайрли ишларига улкан ажру савоблар ато этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1882 марта ўқилди

Янгиликлар

Top