Ўзбекистон янгиликлари

Ислом тараққиёт банки пандемияга қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам беради

Ислом тараққиёт банки коронавирус пандемиясига қарши кураш учун Ўзбекистонга молиявий кўмак беради. Бу ҳақда инвестициялар ва ташки савдо вазирлиги расмий сайтида маълумот берилган.

Хабарда айтилишича, Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва савдо вазири Сардор Умурзоқов бу борада Ислом тараққиёт банки президенти Бандар Ҳажар билан видеомулоқот олиб борган.

Музокаралар якунида ИТБ президенти 2,3 миллиард доллар миқдордаги «Стратегик тайёргарлик ва чоралар тўплами» маблағларидан 17 миллион доллари Ўзбекистонга йўналтирилишини маълум қилган.

«Шунингдек, Бандар Ҳажар коронавирус билан касалланган беморлар учун қурилаётган янги шифохоналарни жиҳозлаш лойиҳалари доирасида иқтисод қилинган 46 миллион АҚШ долларини қайта йўналтириш орқали Ўзбекистонга қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди», дейилади вазирлик хабарида.

Олдинроқ бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Жаҳон банки расмийлари билан музокара ўтказган ва унга кўра банк Ўзбекистонга коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши кураш учун 1,2 миллиард доллар кредит ажратишга тайёрлиги хабар қилинганди.

Манба: https://m.kun.uz

 

2153 марта ўқилди

Янгиликлар

Top