Ўзбекистон янгиликлари

Самарқанд вакиллиги ташаббуси билан сардобаликларга  меҳр-саховат ёрдами жўнатилди

Бугун, 3 май куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги томонидан саховатпеша кишиларни жалб этган ҳолда Сирдарё вилоятида юзага келган нохуш ҳолат оқибатида азият чеккан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, меҳр-саховат юклари ортилган 11 та юк мошинаси, 10 енгил автомошиналар билан ушбу вилоятга жўнатилди.
Жорий йилги синовли дамлар бутун юртимиз аҳлини бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишни, барча инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашга омил бўлмоқда. Куни кеча Сардоба сув омборида юз берган фалокатни бартараф этиш ва талофат кўрганларга ёрдам кўрсатишда халқимизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва албатта, нечоғли саховатпешалиги мана шундай савобли ишларда яна бир бор намоён бўлмоқда.
Юборилган мазкур инсонпарварлик ёрдамининг умумий миқдори 105 миллион сўмдан зиёд бўлиб, унинг таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари – ун, шакар, ўсимлик ёғи, чой, макарон, гуруч ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари шунингдек, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва бошқа кундалик биринчи эҳтиёж учун зарур бўлган маҳсулотлар жой олган.
Саховатпеша Самарқанд аҳлининг бугунги кўрсатаётган самимий меҳр-муруввати, кўнгилли ёрдами кўрилган талофатларни бартараф этишда мадад бўлади, инша Аллоҳ. Айниқса, фалокатдан азият чеккан шахсларга етиб бориб, кўнгилларини хушнуд этиши шубҳасиздир.
Холис ниятда амалга ошираётган мана шундай кўмаклар ила ҳозирги пайтда моддий ва маънавий мададга муҳтож бўлган кишиларнинг дилларига малҳам бахшида этилади. Бу ҳаракатларингиз ғоят таҳсинга сазовордир.
Эл бошига иш тушганда ёрдам қўлини чўзиш чин мўминлик сифати, халқимизга хос фазилатдир. Ушбу нохуш воқеа содир бўлганиданоқ маҳаллий аҳолига кўмак бериш тадбирлари уюшқоқлик бошланиб кетгани маҳзун қалбларга катта далда бўлмоқда.
Зеро, инсон мусибат етган биродарига ҳамдард бўлиш динимиз талаби, Қуръони каримда: “Албатта, мўминлар биродардир”, ҳадиси шарифда эса: “Мўминлар ўзаро меҳр-шафқатларида ҳудди бир тана кабидир. Агар ундан бир аъзо оғриб қолса, тананинг бошқа қисми унга бедорлик ва иситма билан ҳамдард бўлади”, дейилгани кўпчилигимизга маълум.
Аллоҳ таолонинг бир синови, Рамазон ойида машаққатда қолган сирдарёлик юртдошларимиз, кексалар аёллар ва ёш болаларга ўз ёрдам қўлини чўзаётган барча азизларимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Аллоҳ таоло қилаётган эҳсонларни ўз даргоҳида қабул қилсин, ажру савобларини зиёдаси билан ато этсин. Олий ҳимматлигингиз учун Сиз самарқандликларга ташаккур билдирамиз.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2135 марта ўқилди

Янгиликлар

Top