Ўзбекистон янгиликлари

Жиззах вилояти вакиллиги сирдарёлик юртдошларимизга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатмоқда

Шу кунларда давлатимиз ва халқимиз, хориждаги ватандошларимизнинг эътибори, инсонпарварлик ёрдами, дуои хайрлари Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори дамбасининг бир қисми бузилиши оқибатида талофот кўрган юртдошларимизнинг ҳолатини ўнглашга қаратилган. Бунда қўшни жиззахликларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакиллиги ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят филиали Жиззах шахридаги Олимпия заҳиралари коллежи ётоқхонаси ва Пахтакор туманидаги Пахтакор хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи биносига эвакуация қилинган 1030 нафар табиий офатдан жабр кўрган биродарларимизга жами 215 миллион сўмлик кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотларини беғараз эҳсон сифатида етказиб беришди.
Бундан ташқари, Фориш, Арнасой тумани вакилликлари томонидан қўйлар сўйилиб, гўштларидан етказилди. Озиқ-овқат ва маиший мақсадлар учун Мирзачул тумани вакиллиги 8 миллион, Бахмал тумани “Бувайша” жоме масжиди ходимлари тўрт миллион, Жиззах шаҳри “Раваллиқ” масжиди ходими уч миллион сўмлик хайрия қилдилар, Арнасой тумани вакиллиги масжидлар ҳисобидан 50 та гилам жўнатди.
Шунингдек, Зомин тумани вакиллиги саҳовапеша инсонларни жалб қилган ҳолда, талофот кўрган кишиларимизга 2 та юк машина маиший рўзғор буюмлари, кўрпа-тушак, кийим- кечаклар; турли хил озиқ-овқат маҳсулотлари юборди. Шунингдек, тумандаги “Ибн Аббос” жоме масжиди ва “Нурликент” МФЙ ходимлари бошчилигида маҳалладаги саҳоватпеша инсонлар кўмагида 2 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, кўрпа-тўшак, кийим-кечаклар етказилди. Шу билан бирга, вилоятдаги хожатбарор тадбиркорлар кўмагида 8 млн атрофидаги 30 кути озиқ-овқат маҳсулотлари эҳсон қилинди.
Дарҳақиқат, ҳозирда Сирдарёдаги талофот оқибатларини бартараф қилиш, ундан жабр кўрган юртдошларимизни тушкун ҳолатдан чиқариш бўйича Юртбошимиз бошчилигида давлат ва жамот ташкилоти вакиллари жадал иш олиб боришмоқда.
Қолаверса, синовли кунларда елкадош бўлиб, бир-бирининг оғирини енгил қилиб келган олижаноб халқимиз ҳам бирдамлик билан бошига иш тушган биродарларимиз имкон қадар ёрдам қўлини чўзиб, мусибатини аритиш пайида бўлмоқда.
Хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ришталарини боғлашга, ўзаро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, мусибат ва қийинчиликда кўрсатилган ёрдам хотиралардан учмайди. Айни Рамазон кунлари бунинг ажру савоби янада улуғ бўлади. Саховат кўрсатган бандаларни Аллоҳ таолонинг ўзи мукофотлайди. Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (“Бақара” сураси, 274-оят).
Аллоҳ таоло қийинчиликка учраган юртдошларимизнинг мусибатини тез орада аритсин, оғир дамларда суянч бўлаётган юртдошларимиздан Ўзи рози бўлиб, ваъда қилинган ажру савобларни янада кўпайтириб берсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1923 марта ўқилди

Янгиликлар

Top