Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазратлари Баткен шаҳридаги семинарда нутқ сўзладилар

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистон давлатига ташрифи доирасида Қирғизистоннинг Баткен шаҳрида “Диний ва миллий муносабатлар уйғунлиги ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликнинг долзарб масалалари" мавзусидаги семинар бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари йилдан-йилга ривож топиб бораётгани, муборак динимизда қўшничилик ришталарига алоҳида эътибор берилгани ҳамда қўшнига яхшилик қилиш ҳақида қўплаб тавсиялар келгани ҳақида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар асосида баён қилиб бердилар. Шунингдек, бугунги мураккаб даврда зиддиятли масалаларни ҳал этишда турли фитналарга берилмаслик, гап-сўзларга учмаслик ва ҳар қандай вазиятда оғир-босиқ бўлиш муҳимлигига муфтий ҳазратлари алоҳида урғу қаратдилар.
Семинарда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев, Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва бошқа мутасаддилар ўз чиқишлари билан қатнашдилар.
Сўзга чиққан нотиқлар узоқ йиллик тарих давомида халқларимиз ҳамжиҳатликни ҳамиша қўллаб-қуватлаб келгани, юзага келган қалтис вазиятларда оқиллик ва вазминлик билан иш тутиш зарурлигини алоҳида таъкидладилар. Мана шундай паллаларда қўшқанот бўлиб, биргаликда иш юритиш, барча муаммоларни очиқ муҳокама қилган ҳолда ҳал этиш ҳар қачонгидан ҳам зарур эканини маълум қилдилар.
Шунингдек, икки давлат ўртасидаги диний-маърифий соҳадаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, чегарадош ҳудудларда фаолият юритувчи имомларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва мулоқотини ривожлантириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида аҳиллик, ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик тамойилларини тарғиб қилиш, ўзаро ҳамжиҳатликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикрлар алмашдилар.
Сафар давом этмоқда, жараёнларни сайтимиз орқали кузатиб боринг.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2609 марта ўқилди

Янгиликлар

Top