Ўзбекистон янгиликлари

Ўқишга қайта тиклаш ва диплом бериш тартиби бўйича эълон!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти қайта тиклаш ва зарур ҳолларда узоқ йиллар олдин диний таълим муассасасини тамомлаб, диплом олмаган шахсларга диплом бериш масалалари бўйича ишчи гуруҳ 2020 йил 15 июлдан 5 августга аризалар қабул қилишини эълон қилади.

Талабалар ўқишини қайта тиклаш ва диплом бериш Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2019 йил 2 октябрдаги 01А/152-сонли буйруғи билан тасдиқланган “Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари талабаларини ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва талабалар сафидан четлатиш тўғрисида” Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Коронавирус пандемияси оқибатида юзага келган вазиятни инобатга олиб, ўқишни қайта тиклаш ва диплом бериш жараёнини ташкил этишда Тошкент ислом институти томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳ Низомга мувофиқ 2020 йил 15 июлдан 5 августга қадар бўлган муддатда ҳужжатларни онлайн режимда @aloqa_mahadbot телеграм боти орқали қабул қилади.

Ўқишни қайта тиклаш ва диплом олиш истагини билдирган (узок йиллар олдин институтни тамомлаб, диплом олмаган) фуқаролардан қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

– институт ректори номига ариза;
– ўқиган давридаги рейтинг дафтарчаси нусхаси;
– паспорт нусхаси.
Зарур ҳолларда қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
– Тошкент ислом институти томонидан берилган маълумотнома (фақат ўқишни тугатиб, диплом олмаганларга берилган);
– Фуқароларнинг ўзини қўлида мавжуд бўлган (ўқиганини тасдиқловчи) асосли бошқа ҳужжатлар.

ЭСЛАТМА

Ишчи гуруҳ кўриб чиқилган ва етарли асосга эга бўлган ҳужжатларни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Махсус комиссиясига тақдим этади. Ўз навбатида Махсус комиссияси аризаларни 10 августдан 25 августга қадар кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади.

Ўқишдан четлатилганлигига 5 йилдан ортиқ муддат бўлган шахснинг ўқиган давридаги фанлар билан амалдаги ўқув режадаги фанлар бўйича фарқлар 4 тадан ошган тақдирда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Махсус комиссияси бир семестр ёки бир курс пастга қайта тиклаш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.

Фуқароларнинг ўқиган даври учун ўқув шаклидан қатъи назар, талабалар сафига қайта тиклаш кундузги таълим шаклига тўлов-контракт асосида рухсат этилади.

Талабалар ўқишини қайта тиклаш ва диплом бериш жараёнида архив ҳужжатлар тўлиқ бўлмаган ёки уларга ўзгартиришлар киритилган, шунингдек, маълумотлар ўрнатилган тартибда тасдиқланмаган ҳолатларда ишчи гуруҳ фуқаролар мурожаатини рад этади.

Ишчи гуруҳ 2020 йил 15 июлдан 5 августга қадар соат 10:00 дан 17:00 гача фаолият юритади.

Мурожаат учун телефон: (71) 227-42-37.
Масъул: У.Баҳодирхонов (99) 410-00-10.

2564 марта ўқилди

Янгиликлар

Top