Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Муса Ерниязов меҳнат фаолияти давомида бой билим ва катта тажрибаси, инсоний фазилатлари билан халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган инсон эди. Қорақалпоқ диёрида кейинги йилларда юз берган барча ўзгаришлар Муса Ерниязовнинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Етмиш уч ёшни қаршилаган мўйсафид Муса Ерниязов Қорақалпоғистон ўлкасида жадаллик билан олиб борган ибратли фаолияти барчага намуна бўлди. Масжид-мадрасаларни бунёд қилиш, зиёратгоҳларни обод этиш ва имом-хатибларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мадраса талабаларига муносиб шароитларни ҳозирлаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди.
Айниқса, Нукус шаҳридаги мадрасамиз юртимиздаги энг намунали диний билим юрти ҳисобланади. 2018 йилда ўтказилган Республика қорилар мусобақасининг мутлоқ ғолиби ҳам айнан мана шу ўлкадан чиққани фикримизни қўллаб-қувватлайди.
Дарҳақиқат, Ислом динимизда умри узоқ бўлиб, солиҳ амаллар қилган инсонлар кўп мадҳ этилган. Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиниси афзал” – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани” – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бир ҳадиси қудсийда: “Эй Одам фарзанди! … Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деб таъкидланган.
Ҳақиқатан, марҳум Муса Ерниязов ҳам ана шундай эзгу фазилатлар ва яхши хислатлар соҳиби эди.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
«Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».
Шундай экан, Ҳақ таоло марҳум мўйсафиднинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ таоло қадрдонимиз Муса Ерниязовни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум биродаримизни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий