Аждодлар руҳига ҳурмат халқимизнинг энг олий фазилатларидан биридир. Ўзбек халқи ватани, халқининг фаровонлиги, тинчлиги йўлида жон фидо этган фарзандларини ҳеч қачон унутган эмас.
Жорий йилнинг 30 январь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдиғаниевич Каримов таваллудининг 79 йиллигига бағишлаб Навоий вилояти Навбаҳор тумани “Армижон” жоме масжидида “Хотира абадий – қадр муқаддас” мавзуида хотира тадбири ўтказилиб, хайрия дастурхони ёзилди.
Эрта тонгдан 18-умумтаълим мактаб ҳовлисига жам бўлган маҳалладошларга ош тортилиб, Юртбошимиз ҳаққига Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг, мактабнинг мажлислар залида мактаб ўқувчиларининг бадий чиқишлари намойиш этилди. Жажжи болажонлар тилидан айтилган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ҳақидаги шеър ва қўшиқлар йиғилганларни бефарқ қолдирмади.
Тадбирдан кўзда тутилган мақсад, Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдиғаниевич Каримовнинг руҳларини шод этиш, ёшларимиз қалбида ватанпарварлик, яхшилик руҳиятини сингдириш, энг улуғ неъмат, тинчликнинг қадрига етиш, уни асраб авайлашга даъват этишдан иборат.
Зеро, Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек: “Агар биз аҳил бўлсак, эл юрт манфаати йўлида бир тану бир жон бўлиб яшасак, ўзимиздан сотқин чиқмаса, ўзбек халқини ҳеч ким, ҳеч қачон енга олмайди”.
Наимов Орифбой,
Навбаҳор тумани “Армижон”
жоме масжиди имом-хатиби.