ҲАМДАРДЛИК БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси диний соҳада кўп йиллар самарали хизмат қилган Тошкент вилояти Оққўрғон тумани “Эрбўта қози" жоме масжиди имом ноиби Бойхонов Исмоил домла Орифхон қори ўғлининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Исмоил домла Бойхонов Тошкент ислом институтини тамомлагач фаолиятини 1986 йилда бошлаб, узлуксиз 34 йил шу соҳада фидокорона хизмат қилди.
Раҳматли Исмоил домла Бойхонов аҳли илм зотларнинг авлоди бўлишлари баробарида ўзлари ҳам 4 нафар ўғил ва 2 нафар қиз фарзандни дин соҳасида хизмат қиладиган солиҳ инсонлар этиб тарбияладилар.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилаётган бу дин хизматчисини мағфиратига олсин, яқинларига сабру жамил бериб, қазои қадарини имон ила, розилик ила қарши олганлар қаторида ажру мукофотлар ато этсин.
Ҳадиси қудсийлардан бирида айтилади: “Эй Одам фарзанди! …Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”. Раҳматли Исмоил домла Бойхонов ҳам ана шундай яхши хислатлар эгаси эди.
Ҳақ таоло марҳум олимнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум олимни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

2059 марта ўқилди

Янгиликлар

Top