Ўзбекистон янгиликлари

Масжидларда беш ойдан сўнг жума намози адо этилди

Аллоҳ таоло жума кунини мусулмонлар учун фазилатларга бой байрам куни қилиб берган. Жума - кунларнинг саййиди, камбағаллар ҳажидир. “Жума” сўзининг маъноси “жамлаш” маъносини англатиб, бу кунда мусулмонлар жамланиб, Жума намозини ўқишларини истефода этади. Бироқ бу уммат бошига келган синов туфайли “жума”сиз ўтган жумаларни кўрди.

 

Бутун дунёга катта хавф солиб турган пандемия сабабли жамоат намозлари адо этилмаётган вақтда ҳар жумага етганимизда қалбларимиздаги маҳзунлик икка карра ошиб, энтикар эдик. “Илоҳимиз, бу балоларни бизлардан тезроқ кўтариб, масжидларда жамоат намозлари, жума, ҳайит ибодати қувончларига яна етказгин”, дея илтижолар қилар эдик. Алҳамдулиллаҳ, бугун дуолар аста-секин мустажоб бўлиб, Роббимизнинг раҳмат онларига яна етдик. Бугун юртимиздаги 1960 та жоме масжидда  белгиланган карантин талаблари асосида  5 ой (24 ҳафта) дан буён илк бор жума намози қалбларда соғинч ва ҳаяжон ила адо этилди. Мавъизалар қилинди, хутбалар ўқилди.

 

 

 Масжидларимиздан жамоат файзи энди ҳеч қачон узилмасин. Аллоҳ таоло бутун дунёга, тинчлик, саломатлик неъматини бардавом қилиб берсин.

 

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

2118 марта ўқилди

Янгиликлар

Top