Ўзбекистон янгиликлари

Ўн бир Аҳмад – зиёрат туризми марказига айланади

Наманган вилояти ҳудудида олис ва яқин ўтмишдан садо берувчи 300 га яқин моддий маданий мерос объектлари мавжуд. Узоқ минг йилларга бориб тақалувчи тарихий обида ва зиёратгоҳларни асраб авайлаш, уларни келажак авлодларга асл ҳолида қолдириш муҳим вазифаларидан биридир.

Наманган шаҳри ҳудудидан оқиб ўтувчи Шимолий Фарғона каналининг чап соҳилида, “Афсоналар водийси” боғига ёндош сўлим гўшада жойлашган ўн бир Аҳмад зиёратгоҳи мажмуасида бугун кенг кўламли қурилиш ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Канал устига меъморий ечими жиҳатидан Ўзбекистонда ўхшаши йўқ, хонақоҳ сиғими 4,5 минг, умумий сиғими 15 минг намозхонга мўлжалланган Жомеъ масжид ва зиёратгоҳни боғловчи замонавий кўприк барпо этилади.

Тарихий қадамжолар билан яқиндан танишган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов қайд этганидек, муқаддас обидалар, хусусан ўн бир Аҳмад зиёратгоҳидаги ҳар бир ишга мукаммаллик билан ёндошиш лозим. Бу маскан зиёрат туризми масканига айланиши, одамларни маънан халоват топадиган жойи бўлиши керак. Юқоридан катта шаршара қуралади, ундан тушган сув катта ариққа туташ ҳовлиларга чиқиб кетади. Ўртада катта фаввора ҳам дизайн жиҳатидан ўзига хос бўлади.

Сардоба – Наманган шаҳар марказида жойлашган қадимий даҳа. Баъзи ривоятларга қараганда, шаҳар мана шу жойдаги маҳаллалардан бошланиб, кейинчалик кенгайиб кетган. Бу атрофда жуда кўп маданий-маиший бинолар, турар-жойлар қад ростлаган. Улардан бири ХIХ асрнинг иккинчи ярми, XX аср биринчи чорагида яшаб ўтган Қодирхўжа эшоннинг уйи ҳисобланади. У тарихий ва маданий ёдгорликлар рўйхатидан ўрин олган бўлиб, яқингача сайёҳлар эътиборидаги масканлардан бири эди.

Бинонинг қурилиш услуби шарқона, нақшлари европача. Ҳовлиси ички ва ташқи қисмлардан иборат бўлган. Хоналар шифти – ўрта ҳовузсимон қисми васса-жуфт, атрофлари катаксимон кўринишда. Катакчалар ичига буғдойзор, қарағайзор, ўрмон ва денгиз бўйида қурилган қаватли уй тасвирлари чизилган.

Таассуфки, ушбу маданий ёдгорлик бугунги кунда ташландиқ ҳолга келиб қолган. Бир пайтлар анча маблағ эвазига таъмирдан чиқарилган бинолар ночор кўринишда. Тарихдан ҳикоя қилувчи экспонатлар қўйилган залларга кириб бўлмайди – эшиклар қулфланган. Боз устига, мазкур ҳовли ҳудудидан кимгадир икки қаватли дўкон ва омборхона қуриш учун ер ажратилган. Чала қолган бу объект ҳам манзилни янада хунуклаштирган. Бу ҳақида бундан икки йил ЎзА сайтида ҳам бонг урилган эди.

Вилоят раҳбарининг эътиборидан кейингина, бундан 150 йил аввал Наманганга технологияни, илк фотоаппарат ва бошқа ашёларни олиб келган буюк маърифатпарвар, элпарвар олим Қодирхўжа Эшон ҳовлисини илм-фан, маънавият, туризм марказига айлантириш режалаштирилди.

Ушбу меъморий обида билан танишган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов реконструкция учун лойиҳа таклифларига қўшимчалар киритди.

– Меъморий мажмуа тарихий, асл ҳолатини йўқотмаслиги керак. Таъмирлашда гипсокартон, профилдан умуман фойдаланилмаслиги лозим. Бу ерда музей, кутубхона, “вай-фай” зона ташкил этамиз. Ёшлар учун севимли маскан бўлади, – деди вилоят ҳокими.

Эътиборлиси шундаки, тарихий ҳовли ичига ва ёнига маданий мерос конвенцияларига зид равишда қурилган, зиёратгоҳ ҳуснига мос тушмаган икки бино бузиб ташланади.

 

Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА

1779 марта ўқилди

Янгиликлар

Top