Ўзбекистон янгиликлари

“Хожа Абдуллоҳ ал-Ансорий” масжидининг янги биносига тамал тоши қўйилди

“Хожа Абдуллоҳ ал-Ансорий” масжиди Олтиариқ туманинг Азимобод қишлоғида жойлашган бўлиб, унинг ҳозирда ҳозирда хизмат кўрсатаётган биноси 1998 йилда қурилган. Вақт ўтиши билан ушбу бино ва иншоот замонавий архитектура талаблари мос келмай қолгани, ибодатга келувчилар сафи ҳам ортгани боис масжидни қайта қуришга эҳтиёж туғилди. Масжид аҳлининг ушбу таклифи мутасаддилар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди.

Жараён билан яқиндан танишиш, олиб борилаётган иш суратини кўздан кечириш мақсадида вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев масжидга ташриф буюрди.

Олтиариқ тумани бош имом-хатиби Бахтиёржон домла Шерматов ҳамда масжид имом-хатиби Азизбек Мирзажоновлар вилоят бош имом-хатибига ҳамроҳлик қилиб, олиб борилаётган қурилиш ишларини кўздан кечирдилар.

Шундан сўнг вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев “Хожа Абдуллоҳ ал-Ансорий” масжидининг янги биносига тамал тошини қўйиб берди. Бу ерда ҳозир бўлган каттаю кичик юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини эътироф этиб, юртимиз тинчлиги, халқимиз ҳаёти фаровонлиги ҳамда масжид қурилишида хизмат қилаётган ва ҳисса қўшаётганлар ҳаққига дуойи хайрлар қилдилар.

– Масжидимизнинг эски биноси 700 кишилик ўринга мўжалланган бўлса, янги қад кўтараётган бинода эндиликда бир вақтнинг ўзида 2500 киши ибодат қилиши мумкин бўлади. Албатта, буларнинг барчаси замонавий шарт-шароит ва қулай имкониятлар асосида бўлиши бош мақсадларимиздан, – дейди масжид имом-хатиби Азизбек Мирзажонов.

Аллоҳ таоло бошланган ишни хайрли айлаб, бунга ҳисса қўшаётган кишиларга улкан мукофотлар ато қилсин!

 

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими

1737 марта ўқилди

Янгиликлар

Top