Ўзбекистон янгиликлари

"Имом Абу Мансур Мотуридийнинг фиқҳий қарашлари" мавзусида суҳбат бўлиб ўтди

Бугун, 2020 йил 4 ноябрь куни Тошкент ислом институтида "Ноябрь ойи - фиқҳ, илмул фароиз ва усулул фиқҳ фанлари ойлиги" муносабати билан "Абу Мансур Мотуридийнинг фиқҳий қарашлари" мавзуида Тошкент ислом институтида устоз ва талабалар билан илмий суҳбат ўтказилди. Суҳбатда ЎзХИА ўқитувчиси, мисрлик машҳур олим доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ўз маърузаси билан иштирок этди.

Суҳбатни “Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси” катта-ўқитувчиси Масайитов Саиджамол домла бошлаб бердилар. У киши аввало йиғилганларга ҳурматли меҳмон ҳақида қисқача маълумот бериб ўтдилар:

Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурий 1978 йил, 26 июнь куни Миср Араб республикасида таваллуд топган. Академик тадқиқотчи, нотиқ Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурий Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети исломий билимлар факультетида катта илмий ходим ва ўқитувчи, Ислом билимларини масофавий ўқитиш Миср хусусий университетида директор ва нотиқ, Миср Ислом ишлари Олий кенгашида катта илмий ходим бўлиб фаолият олиб бормоқда.

У 2000 йил Ал-Азҳарда Тафсир ва Қуръон илмлари (Tafseer and Sciences of Quran) бўлимида бакалаврлик дипломини ҳимоя қилган. 2002-2004 йиллар Тафсир ва Қуръон илмлари мутахассислиги бўйича 2 йил таҳсил олиб, имтиҳон топширган. Кейинчалик 2005 йил Ал Азҳар университетининг Қуръон илмлари борасида ва Ибн Таймия асарларининг қиёсий таҳлили мавзусида тадқиқотлар қилади ва магистр даражасига эга бўлади.

2015 йил Ал Азҳар университети шариат илмлари факультетининг Имом Мотуридий ва унинг илмий услублари мавзусида фалсафа фанлари доктори даражасини олади. Шунингдек, Қуръон ва суннат илмлари борасида яна кўплаб соҳалар бўйича турли илмий унвон ва даражаларга эга. Ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедрасида турли исломий илмлардан дарс бериб келмоқда.

Аҳмад Даманҳурий:

“Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга таратганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканлигини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган. Ана ўша даврни яхшилаб ўрганган ғарблик инсофли шарқшунослардан бири Ислом умматини «ёппасига мадрасага қатнайдиган» уммат деб васф қилган.

Бу жуда ҳам тўғри васфдир. Ўша ҳамма бутунича Ислом шариати бўйича ҳаёт кечирган вақтда Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан уламолар етишиб чиққанлар.

Ҳозирги Испания, Португалия ва уларга қўшни бўлган давлатларнинг баъзи ҳудудларида саккиз юз йилга яқин давр мобайнида Андалусия номли Ислом давлати ҳукм сурган. Бу давлатда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаган. Мусулмонларнинг турли илмий ўқув юртларида бошқа дийнларга мансуб кишилар ҳам бемалол таълим олишган, илмий тажрибаларда иштирок этишган. Ўша пайтда илм нима эканлигини идрок этишдан йироқ бўлган Оврўпа каниса раҳбарлиги «мушрик мусулмонлар»га сотилган овруполикларни жазолашга бел боғлаган.

Афсуски, баъзи илмсиз мусулмонлар ислом уммати яна ўша тараққий этган, ривожланган даражага чиқиши учун уруш қилиши керак, бошқа мамлакатларни босиб олиш керак деган ботил тушунчага бориб қолганлар. Ислом дунёга қўрқув ва даҳшат солиш учун келдими ёки дунёга меҳр-мурувват уруғларини экиш, тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш учун келдими?!

Мусулмон кишининг вазифаси бу одамларни Аллоҳга ва Унинг расулига ҳамда охират кунига даъват қилишдир. Зулматлардан нурга чиқариш, одамларга қуллик қилишдан ёлғиз Аллоҳга қуллик қилишга чақиришдир. Тор дунёдан кенг дунёга, динларнинг жабру ситамларидан Исломнинг адолатига чақиришдир. Асло, асло, тинч аҳолига қўрқув солиш, шаҳарларни вайронага айлантириш эмас”.

Суҳбат давомида шайх яна қуйидаги мавзуларга ҳам тўхталди:

“Исломий фанлардан дарс бераётган устоз ўзининг сийратида илмига амални кўрсатиб бера олиши лозим, зеро талаба устоз бераётган маълумотдан ҳам аввал унинг сийратидан, қалбий иршодидан кўпроқ таъсир олади”.

“Биз исломий матнлар ва ҳукмларнинг ҳаммасини бир хил даражада деб билишимиз керак эмас, афсуски аксар адашувлар ана шу ҳақиқатни яхши англамасликдан келиб чиқади. Бу насслар, ҳукмлар орасида қатъийлари бор, зоннийлари бор. Қатъийлари бу – исломнинг қизил чизиқлари бўлиб, уларни асло ҳатлаб ўтиш жоиз эмас. Аммо, зонний насслар ва улар натижасида келиб чиққан зонний ҳукмлар қатъий далиллар билан тенг бўла олмайди. Бундай насслар борасидаги ихтилофлар ҳеч қачон ўзаро жанжалларга ва бир-бирини хатога чиқаришларга сабаб бўлмаслиги лозим”.

“Тарихга назар солайлик, ҳанафий олимларнинг аксари нақшбандий тариқатида, шофеъий уламолар шозилий тариқатида, моликий уламолар банжурий тариқатида, ҳанбалий уламолар эса қодирий тариқатида бўлганларини кўришингиз мумкин. Демак, тасаввуф исломдан қандайдир бегона бир тушунча эмас экан”.

“Араблар жоҳилиятда қизларни тириклайин кўмганларини биламиз. Бу вахшийлик ҳозир йўқ деб ўйлаймизми? Афсуски, бор, фақат бошқача кўринишда. Одам шаклига келиб қолган, ҳатто туғилишига оз муддат қолган ҳомилаларни аборт қилдирилаётганига, баъзи давлатлар қонуний тарзда бунга руҳсат бераётганларига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз”.

Йиғилиш сўнгида институт устозлари меҳмонга ўзларини қизиқтирган саволлар бериб, етарли жавоблар олдилар.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси 

Умарходжаев Мурод

 

 

2209 марта ўқилди

Янгиликлар

Top