Ўзбекистон янгиликлари

Уламолар “Зиё” жоме масжиди янги биносини кўздан кечириб, намозхонлар билан суҳбат қуришди

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 2 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги соҳа вакиллари Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги “Зиё” масжидининг янги биноси очилиш маросимида иштирок этишди.

Очилиш маросимида Муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзлаб, муҳтарам Юртбошимиз саъй-ҳаракатлари, дуогўй ва саховатпеша халқимизнинг ҳиссаси билан кўплаб масжидлар қурилаётгани, борлари янгидан қуриб ё таъмирланиб намозхонларга топширилаётгани, жумладан, “Зиё” масжидининг биноси замонавий ва миллий услубда қайта қурилиб, барча зарур шароитлар ҳозирланиб, намозхонларга топширилгани, катта йўл бўйида қурилган мўъжаз жоме хорижлик ва маҳаллий йўловчилар учун ҳам айни муддао бўлганини таъкидладилар.

Шунингдек, Муфтий ҳазратлари Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани ҳақида сўзлаб бердилар.

Дарҳақиқат, Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом бундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Шундан сўнг ушбу масжиднинг қиёматга қадар мўмин-мусулмонларга хизмат қилишини сўраб хайрли дуолар қилдилар.

Маълумот учун, Мирзаобод тумани масъуллари 1990 йилда “Оқолтин” маҳалласида масжид учун 15 сотих ер ажратган. Сўнг маҳалла фаоллари кўмаги ва аҳоли ҳашари билан масжид қурилган. 1998 йилда “Зиё” жомеси расмий рўйхатдан ўтказилган.

Кейинги йилларда ушбу масжид эски биноси яроқсиз ҳолатга келиб қолгани туфайли замонавий лойиҳа асосида замонавий дизайн ва миллий услубда янгидан бунёд этилди.
Шу йил февраль ойида бошланган масжид қурилиши ҳозирда тўлиқ якунланган. Масжид биносининг узунлиги 18 метр, эни 22 метрни ташкил этади. 22 метрли гумбаз эса жоме биносига ўзгача файз бағишлаб турибди.

Масжиднинг олдинги биносига 300-350 киши сиққан бўлса, янги биносининг катта хонақоҳида 500 киши, айвон қисмида эса 200 намозхон ибодатларни бемалол адо этиши мумкин.

Мажмуада хонақоҳ, айвон, таҳоратхона, кутубхона ва хизмат хоналардан иборат. Шунингдек, аёллар учун мўлжалланган намозхона, эркак ва аёллар таҳоратхонаси барча шароитлар қилинган.

“Зиё” масжидига шу кунга қадар Мубаширов Юсуфхон, Мубаширов Ҳабибулло, Исақов Бахромжон, Убайдуллаев Ўктамхон домлалар фаолият юритган. Бугунги кунда масжидда Мубаширов Ҳабибулло домла имом-хатиб вазифасида ишлаб келмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2086 марта ўқилди

Янгиликлар

Top