Ўзбекистон янгиликлари

Ўксик қалбларга шодлик,  маҳзун оилаларга мамнунлик улашилмоқда

Бугун, 4 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Тошкент вилоятига сафарлари давомида масжидлар қавмлари, мўйсафид отахонлар ва кенг аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказмоқдалар. Муфтий ҳазратларига Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасур домла Раупов ва Диний идора иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ҳамроҳлик қилмоқда.
Тошкент вилояти Зангиота туманида ўтказилган ана шундай мулоқотларга муҳтарам Президентимизнинг Афв фармонлари асосида озодликка чиққан бир гуруҳ фуқаролар ҳам таклиф этилди.
Мулоқотда бугун халқимизга хос кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик қадриятларидан келиб чиқиб, ҳаётда билиб-билмай адашган, хато қилган инсонларга мурувват қўли чўзилаётгани ва уларни ҳаётда ўз ўрниларини топишда кўмак берилаётганини билдирдилар.
Дарҳақиқат, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, билиб-билмай жиноят содир этган, танлаган йўлини хато эканини англаб тузалиш йўлига қатъий ўтган маҳкумлар Давлатимиз Раҳбари томонидан афв этилаёгани ҳақиқий олижаноблик намунаси бўлмоқда.
Мамлакатимизда афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак бериш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда.
Бунинг ижобий самараси ўлароқ, уларнинг аксарияти ҳаётда ўз ўрнини топди, кимдир тадбиркорлик, кимдир, чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланмоқда, яна кимлардир давлат ва жамоат ташкилотларида самарали меҳнат қилмоқда.
Ушбу ўтказилган суҳбатларда мана шундай фуқаролар муҳтарам Президентимизга, халқимизга ўз миннатдорлигини билдириб, ҳалол меҳнат қилиб, мамлакат ривожига ўз ҳиссаларини қўшаётганларини сўзлаб бердилар.
Давлатимиз Раҳбарининг афв этиш тўғрисидаги фармонлари қанчадан-қанча кўнгилларга шодлик, оилаларга ҳаловат ва рўшнолик улашмоқда.
Куннинг иккинчи ярмида имом-хатиблар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда сўзга чиққан муфтий ҳазратлари томонидан тизимда олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммолар тингланди, ечими бўйича аниқ таклифлар берилди. Шунингдек, бугунги кунда имом-хатиблар олдида турган муҳим вазифалар, иш фаолиятни янада такомиллаштириш ва жаҳолатга қарши маърифат билан курашда уларнинг ўрни каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мулоқотда мамлакатимиз бўйлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, бугунги тинч ва осойишта кунларнинг қадрига етиш ва шукроналик ҳисси билан яшаш каби жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

1692 марта ўқилди

Янгиликлар

Top