Ўзбекистон янгиликлари

Даврий нашрлар тарғиботида фаол бўлган имом-хатиблар тақдирланмоқда

Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакилликларида имом-хатиблари иштирокида 2020 йилда қилинган ишлар, ютуқ ва камчиликларга бағишланган сарҳисоб тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ана шундай тадбирлар Наманган, Фарғона, Бухоро, Тошкент вилояти, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида бўлиб ўтди. Уларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбар ва ходимлари, “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйи вакиллари қатнашди.

Тадбирларда сўзга чиққанлар сўнги йилларда диний соҳада амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинди, келгусидаги долзарб вазифаларга тўхталиб ўтишди. Жумладан, вилоят бош имом-хатибларининг йил якуни бўйича ҳисоботлари тингланди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтаётган йиғилишларда диний-маърифий соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш, масжидлар фаолиятини яхшилашда имом-хатиблар келгусида қилиши лозим бўлган ишлар кўриб чиқилиб, зарурий тавсиялар берилди.

Жумладан, имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшлар билан ишлаш, интернет ва ижтимоий тармоқларда фаоллик кўрсатиш, Исломни аҳолига кенг етказишда фидоийлик билан хизмат қилиш каби қатор кўрсатма ва топшириқлар берилди. Пандемия сабаб юртимиздаги масжидлар фаолиятини вақтинча тўхтатгани, бу даврда имом-хатиблар хайрия ишларига урғу беришди. Ҳозирда Республикамиздаги барча масжидларда намозхонларимиз карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ибодатларини адо этаётгани таъкидланди. Сўнги йиллар янги масжидлар қуриш ва мавжудларини таъмирлаш йиллари бўлаётганини қайд этишди. Имом-хатиблар билдирган таклифлар қўллаб-қувватланди.

Тадбирлар давомида 2020 йилда фаол хизмат қилган, чуқур билими, тажрибаси, намунали хулқи, фидокорлиги билан Аллоҳнинг байтига, динимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган имом-хатиб ва ноиблар турли йўналишларда тақдирланди.

Йиғилишлар якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт матбаа ижодий уйида нашр этилаётган “Ҳидоят”, “Мўминалар” журналлари ва “Ислом нури” газеталарига аҳолини обуна қилишда фаоллик кўрсатган имом-хатибларга ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар топширилди. Имом-хатибларнинг Аллоҳ таолонинг розилиги йўлида дин хизматчиси сифатида қилаётган солиҳ амаллари ҳусни қабул бўлиши, уларнинг келгусидаги фаолиятига куч-қувват сўраб, хайрли дуолар қилинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

1571 марта ўқилди
Мавзулар

Янгиликлар

Top